Амир Темур хиёбонида ярим тунда мухлисларини тўплаган россиялик блогерга чора кўрилди

Жамият

image

Аввалроқ, 13 июль куни тахминан соат 22:30 ларда “Субо” номи билан танилган россиялик блогер Субхан Мамедов билан учрашиш учун Тошкент шаҳрининг Амир Темур хиёбонида 200 га яқин фуқаролар карантин чекловларига риоя этмасдан тўпланганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди. Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган дастлабки текширув натижасига кўра, 26 нафар фуқаро (шу жумладан, Субҳан Мамедов ва унинг кузатувчилари) карантин қоидаларига зид равишда жамоат жойида тиббий ниқобсиз бўлгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) асосан жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, 83 нафар фуқарога нисбатан ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнида 9 нафар вояга етмаган шахснинг ота-онаси билан профилактик суҳбат ўтказилиб, огоҳлантирилган. Ҳозирда суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

“Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Юртимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашмаган, шунинг учун сизлардан карантин қоидаларига қатъий риоя этишингизни, республика махсус комиссиясининг қарорларига амал қилишингизни ва соғлиғингизга эътиборли бўлишингизни сўраб қоламиз. Ижтимоий тармоқлар орқали турли чақирувларга учманг ва жамоат тартибини бузманг”, дейилади бошқарма хабарида.

Қайд этиш керакки, ярим тунда мухлисларини тўплаган россиялик блогер узр сўрашга ҳам улгурди. Кейинчалик ССВ россиялик блогер ярим тунда 200 га яқин мухлисларини тўплаганига муносабат билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

466

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг