Американинг энг йирик шаҳрини энди мусулмон мэр бошқаради
Таҳлил
−
05 Ноябрь 4049 4 дақиқа
Бу Зоҳран Мамдани. АҚШнинг энг йирик шаҳри Нью-Йорк тарихидаги биринчи мусулмон мэр. У машҳур ҳинд фильми саутреки садолари остида оиласи билан ғалабасини нишонламоқда.
Демократик сотсиалист, Квинсдан сайланган 34 ёшли ассамблея аъзоси бўлган Мамдани Нью-Йорк шаҳар мэрлигига номзодини илгари сурганидан бери, қисқа вақт ичида деярли номаълум сиёсатчидан миллий даражадаги эътибор марказига айланди.
Унинг жасур, чап қанотга мойил дастури прогрессив сайловчиларни руҳлантирди, Демократик партияни силкитди ва Президент Дональд Трамп ҳамда бошқа республикачиларнинг қаттиқ танқидига сабаб бўлди.
Мамданининг тажрибали рақибларидан фарқли равишда, унинг ёшлиги, янгича дунёқараши ва илғор сиёсий дастури янги авлод сайловчиларини руҳлантирди ҳамда уларнинг ишончини қозонди.
Мамдани Угандада туғилган, етти ёшлигида оиласи билан бирга Нью-Йоркка кўчиб келган. У Бронкс ўрта мактабини тамомлаган ва кейинчалик Боудойн коллежида Африка тадқиқотлари бўйича таълим олган. У ерда у “Фаластин адолати учун талабалар” деб номланган талабалар уюшмасининг кампус бўлимига ҳаммуассис бўлган.
Бу ёш авлод вакиллари орасидаги прогрессив сиёсатчи ўз илдизларига ҳамиша содиқ қолди. Мамдани кампанияси давомида ўзининг мусулмон эътиқодини ҳам очиқ намоён қилди: у мунтазам равишда масжидларга ташриф буюриб турди ва шаҳардаги яшаш харажатлари инқирози ҳақида урду тилида сайлов видеосини эълон қилди.
Мамданининг отаси – Колумбия университети профессори Маҳмуд Мамданий, Онаси эса – машҳур киноижодкор Мира Наир, уларнинг ҳар иккиси ҳам Гарвард университети битирувчилари ҳисобланади. Зоҳраннинг ҳаётидаги муҳим шахслардан бири – унинг 27 ёшли турмуш ўртоғи, Бруклинда яшовчи суриялик рассом Рама Дуважий. Улар танишувлар иловаси орқали бир-бирини топган.
Мамдани сиёсатга киришишдан аввал мусиқа соҳасида фаол бўлган, аммо 2020 йилда Куинс округидан Нью-Йорк Штат Ассамблеясига сайлангач, бу йўналишдаги фаолиятини вақтинча тўхтатган. Шу билан бирга, у расмий молиявий ҳисоботларида ҳам “ўзини ўзи иш билан таъминлаган рэппер” деб кўрсатган ва “Янг Кардамом” ва “Мр. Кардамом” саҳна номлари билан ижро этган қўшиқларидан ҳозир ҳам озгина муаллифлик ҳақи олади.
Мамдани Квинсда уй-жой масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган ва кам даромадли аҳолига ҳужжатлар ва суд орқали ўз уйларини сақлаб қолишда ёрдам берган.
Рақиблари сингари, Мамдани ҳам шаҳар хавфсизлигини ошириш ва яшаш нархини пасайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратган, аммо бу мақсадларга етишиш учун у таклиф этган чора-тадбирлар Ню-Йорк шаҳри учун янги ва радикал йўналиш бўлиши мумкин.
Мамданининг машҳурликка кўтарилиши унинг дастури асосидаги нархлар масаласига эътибор билан боғлиқ бўлди – бу масала демократлар ўтган йилги президентлик сайлови даврида ечишга қийналган энг долзарб муаммолардан бири эди.
Унинг сайлов штаби сайтига кўра, Мамдани қуйидаги асосий ташаббусларни ваъда қилган:
- Ижара нархларини музлатиш
- Нью-Йорк автобусларида йўл ҳақини бекор қилиш
- 6 ҳафталик чақалоқлардан то 5 ёшгача бўлган болалар учун бола парвариши хизматини мутлақо бепул қилиш, шу билан бирга соҳа ходимларининг иш ҳақини ошириш
- Шаҳар мулки бўлган озиқ-овқат дўконлари тармоғини яратиш ва бу орқали нархларни мижозлар учун арзонлаштириш.
Хўш, у бунинг барчасини қандай молиялаштиради?
Мамдани корпоратив солиқ ставкасини 11,5% гача оширишини, бу эса 5 миллиард доллар даромад келтиришини айтган. Шунингдек, у йилига 1 миллион доллардан кўпроқ топадиган энг бой нью-йоркликлардан 2% миқдорида солиқ ундиришни таклиф қилган.
115 миллирад доллар бюджетга, 8 миллиондан ортиқ аҳолига эга шаҳарнинг янги етакчиси халқаро майдонда ҳам ўз ўрнига эга бўлади.
Мамдани Фаластинни қатъий қўллаб-қувватлаш ва Исроилни кескин танқид қилишда Демократик партия раҳбариятининг аксариятидан ҳам ўзиб кетади.
Ассамблея аъзоси сифатида у халқаро инсон ҳуқуқлари қонунларини бузувчи Исроил мустамлакалари билан боғлиқ айрим Нью-Йорк хайрия жамғармаларининг солиқдан озод бўлиш мақомини бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини илгари сурган.
Мамданининг таъкидлашича, Исроил Ғазода геноцид содир этган, бу давлат апартеид тизимига асосланган ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳибсга олиниши керак. Исроил эса геноцид ва апартеид ҳақидаги айбловларни кескин рад этади.