“Американи очиш керак эмас”. Турдимов таълим тизимида қандай ишлар қилишини айтди (видео)

Жамият

−

image

Ўзбекистонда таълим тизимини ривожлантириш учун Американи очиш керак эмас. Бу ҳақда Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов бугун, 22 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган “Болалар фаровонлиги учун сармоя” мавзусидаги саммитда журналистлар билан суҳбатда айтиб ўтди.

“Биз ҳамма ишни жой-жойига қўямиз, янгилик қилиб Американи очиш керак эмас. Бугун ҳамма нарса давлат томонидан яратилган. 

Агар сиз менга ёрдам бермасангиз, бошқалар ёрдам бермаса... Биринчи навбатда ҳар битта фарзанди бор фуқаро ўзининг ўрнини мактабдан топиши керак, фарзандидан топиши керак. Ўтириб олиб савол бериш осон. Тўғрими-йўқми? Қаердан, қандай қилмоқчисан? Мен ҳеч нарса қилмайман. Мен фақат тартибни, талабни жойига қўйиб, шуни ҳисобидан эртага самарали натижага эришмоқчиман. Энди янги қонун қабул қилмаймиз. Ҳамма нарса бор”, дейди вазир.

Унинг айтишича, ота-оналар ҳам фарзандига кўпроқ эътибор бериши, бирга ўтириб дарс қилиши керак.

“Нима етишмайди ўқишингиз учун, фарзандингиз учун? Сизнинг фарзандингиз борми? Мана шу фарзандингиз билан ҳар куни бир соат вақт ажратиб, дарс қиласизми? Дарс қилмайсиз. Кўпчилик қилмайди. Биз дарс қилишимиз керак, фарзандимиздан сўрашимиз керак, фарзандимизга ўргатишимиз керак. Агар фарзандимиз билан бирга ишламасак, ўқитувчини ёмонлайверсак, ўқитувчининг мавқейи қачон ошади? Қачон-ки сиз билан биз муносабатимизни ўзгартирсак ошади. Агар сиз билан биз муносабатимизни ўзгартирмасдан, фақат ўтириб нуқсон излайдиган бўлсак, жойимизда депсиниб тураверамиз”, дейди Эркинжон Турдимов.

Шунингдек, вазирнинг айтишича, шунинг учун таълим жамиятнинг иши, ҳамманинг иши. 

“Лекин таълим вазирлигимизнинг ўзининг ўрни бўлиши керак. Ҳозир мана сессияда эшитган бўлсангиз, шу саволингизга аниқ жавоб бердим: вазирлик мактабгача таълимдан, яъни боғчада, мактаб таълимида, яъни мактабда, олий таълимда, илм-фанда ўзининг ўрнини топиши керак. Шу ўрнимизни топишимиз учун жамоатчилик билан, сизлар билан биргалашиб, албатта шу ишларни қиламиз”, дейди Эркинжон Турдимов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бирлаштирилиб, Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилган эди ва унга Эркинжон Турдимов раҳбар этиб тайинланганди. Шунингдек, 12 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев нега Эркинжон Турдимовни Таълим ва илм-фан вазири лавозимига тайинлагани ҳақида гапирди. Ўша куни унга бириктирилган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар маълум бўлди. 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан янги вазирга 3 нафар ўринбосар тайинланди. Кейинроқ, Турдимовга истисно тариқасида вазирликнинг марказий аппаратига 2027 йил 1 февралга қадар ходимларни тўғридан тўғри суҳбат асосида ишга қабул қилиш ваколати берилиши маълум қилинди ва шу куннинг ўзида вазирликда бешта раҳбарлик лавозимига тайинлов бўлди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг