Америкада уйсизлар сони кескин ошди
Олам
−
16 Декабрь 2023
6028Ўтган йил ҳисоботига кўра, Америка кўчаларида доимий уй-жойи бўлмаганлар сони рекорд кўрсаткичга – 650 мингга етган. Бу ҳақда АҚШ уй-жой қурилиши ва шаҳарсозлик департаменти маълум қилди.
Америкада бошпаналарда, кўчада, чодирларда ёки машиналарда яшовчи одамлар сони 2021 йилга нисбатан 12 фоизга ортган. Уйсизлар сонининг кўпайиши, асосан, уй-жой ижараси нархининг ошиши билан боғлиқ. Шунингдек, экспертларнинг фикрича, муҳожирлар оқимининг кўпайиши ҳам вазиятни ёмонлаштиряпти.
Қўшма Штатлардаги уйсизларнинг 40 фоизи афро-америкаликлар, тўртдан бир қисми кексалар ва 10 фоиздан камроғи испан миллатига мансуб фуқаролардир. Улар сафига сўнгги йилларда мамлакатга келган кўплаб қочқинлар ҳам қўшилган.
Уйсизликка барҳам бериш бўйича миллий альянснинг билдиришича, муаммони ҳал қилиш учун АҚШ ҳукумати муҳожирларга иш топишни осонлаштириши ва бошпана сўровларини кўриб чиқишни тезлаштириши, шунингдек, уй-жой ижарасида кўпроқ ёрдам кўрсатиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ Президент Американинг амалдаги раҳбари Жо Байден маъмуриятини миграция сиёсати учун танқид қилган, бунинг натижасида Қўшма Штатлар “ахлатхона”га айланганини айтганди. Сиёсатчининг таъкидлашича, Америка шаҳарлари “уйсизлар, гиёҳвандлар ва зўравон жиноятчиларга тўлиб кетган”.