Амалдорлар байроқ осса – фахр, халқ осса – ҳурматсизликми?
Таҳлил
−
08 Май 2023
24545Аввалроқ 5 май куни елкасига байроқ осиб олган бир йигитни ИИБ ходимлари ушлаб олиб кетишгани ҳақида хабар берган эдик. Тарқалган хабарларга кўра, мазкур воқеа Қашқадарё вилояти Қамаши туманида содир бўлган. Видеони эса қашқадарёлик блогер Одил Элмурод ўз Telegram саҳифасига жойлаган.
Видеодан кўринишича, йигит бозор расталари биридан “Битирувчи” деб ёзилган байроқли тасма сотиб олган ва уни елкасига таққан. Бироқ бозор ҳудудида хизмат фаолиятини олиб бораётган ИИБ ходимлари бу қонунга хилоф эканини айтган ва улар ўртасида келишмовчилик юзага келган.
Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати мазкур воқеа бўйича QALAMPIR.UZ’га маълумот берди.
Унда айтилишича, 2023 йилнинг 5 майида Қамаши туманидаги “Чим” деҳқон бозорида Ўзбекистон Республикаси байроғини тақиб юрган фуқаро ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат рамзлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра байроқни бундай олиб юриш мумкин эмаслиги, уни ечиб қўйиб давлат рамзларига ҳурматсизлик қилмаслик тушунтирилганида фуқаро ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатгани айтилган.
Натижада Қамаши туманида яшовчи фуқаро билан белгиланган тартибда профилактик суҳбат ўтказилган.
“Ҳолат юзасидан фуқарога Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига кўра ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний тўхтамга келиш учун жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилган.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон қонунчилигида “ватанпарварлик учун”, яъни уй-рўзғор буюмлари ва бошқа турдаги товарларда давлат герби ва байроғи тасвирларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади ва бунинг учун жарима белгиланган.
Бундан бир муддат олдин Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси давлат герби ва байроғи тасвири туширилган антиквар уй-рўзғор буюмларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорни танқид қилиб, унинг бу фаолияти қонунга хилоф эканини айтганди.
“Давлат герби тўғрисида”ги Қонуннинг 5-1-моддаси ҳамда “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 5-2-моддасига мувофиқ давлат рамзлари тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас”, деган Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева.
Агар шундай бўлса, нима учун биз юқорида кўрган ҳолатда байроқли тасмани сотаётган сотувчи, уни ишлаб чиқарган тадбиркор эмас, уни сотиб олиб тақиб юрган йигит қўлга олинди.
Бу худди гиёҳвандлик моддасини қабул қилган одам жиноятда айбланиб, уни етиштирган ва сотган одам айбсиз эканидек гап эмасми.
“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида давлат герблари, байроқлари ва давлат мукофотларининг тасвири туширилган белгилар; давлатларнинг расмий номлари товар белгилари сифатида рўйхатдан ўтказилмаслиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 215-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган”, деган Адлия вазирлиги.
Шунингдек, бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 203-1-моддасида ҳам жавобгарлик белгиланган.
“Адлия вазирлиги давлат рамзларини ҳурмат қилишни ва қонунга биноан фаолият юритишни сўраб қолади”, деган Адлия вазирлиги матбуот котиби Ўринбоева.
Қизиғи шундаки, “Битирувчи” деб ёзилган байроқли тасмалар Ўзбекистонда бир неча йиллардан бери амалда. Ҳар йили миллионлаб мактаб битирувчилари айнан мана шундай тасмалардан фойдаланади. Аммо негадир бу давлат рамзига нисбатан ҳурматсизлик эканини энди билдик.
Ишонмасангиз мана бу суратларга қаранг. Хўш мана шу суратлардаги фуқароларнинг бари қонунбузарми шунда? Улар ҳам жавобгарликка тортилганми?
Ёки бундай тасмалар фақат Қамашида тақиқланганми?
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Давлат Байроғи кўринишидаги бундай тасмаларнинг бошқачароқ шакли ҳам Ўзбекистонда фойдаланиб келинади. Фойдаланганда ҳам ҳукумат даражасида фойдаланилади.
Бу Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан жорий этилган, байроқли Шараф лентаси. Уни 9 май хотира ва қадрлаш кунида бутун республика бўйлаб кўплаб одамлар тақишади. Шунингдек, сиз таниган мана бу таниқли шахслар ҳам.
Агар битирувчилар кунида тақиладиган тасма қонунчиликка хилоф бўлса, демак байроқли ингичка тасма ҳам таъқиқланиши керак эмасмиди?
Ёки мотамсаро она пойига қўйиладиган гулчамбарлардаги байроқларчи. Улар ҳам давлат рамзига нисбатан ҳурматсизлик белгисими?
Ёки қонунимиз турланиб амалдорлар ва одамлар учун бошқача-бошқача ишлайдими?
Агар Қашқадарё вилояти ИИБ ҳақ бўлиб, бу ҳақиқатдан ҳам давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланса, биз юқорида суратларини эълон қилган Бош вазир, ҳокимлар ва машҳур шахслар ҳам, хуллас кўксига ўз байроғи рамзини таққан ҳар бир фуқаро жазоланиши керак эмасми?
Ҳолат юзасидан кеча, 7 май куни Бош прокуратура расмий баёнот бериб, Қашқадарё вилояти Қамаши туман ИИБ томонидан йигитга нисбатан қабул қилинган қарор ноқонуний эканини айтиб чиқди.
“5 май куни Қашқадарёнинг Қамаши туманида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангидаги тасмани тақиб юрган йигитга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Бош прокуратура аралашуви билан йигитга нисбатан қўлланилган ушбу ноқонуний қарор бекор қилиниши таъминланди”, дейилади прокуратура хабарида.
Бироқ Бош прокуратура йигитни ноқонуний тарзда қўлга олган ИИБ ходимларига жазо қўлланиладими-йўқми бунга аниқлик киритмаган.
Аслида эса қамашилик йигитни қўлга олганлардан тортиб унга маъмурий иш қўзғатганларгача барча Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ИИБ ходимларининг ўзи фуқарога ноқонуний талаб қўйгани ва қарор қабул қилгани учун жавобгарликка тортилиши керак эмасми?
Тегишли давлат органларидан саволларимизга жавоб беришларини ва аслида ким айбдор эканига аниқлик киритишларини, байроқни қачон ва ким тақиб юриши мумкину, кимлар уни осолмаслигига тушинтириш беришларини сўраб қоламиз.
LiveБарчаси