Алламжонов суиқасддан сўнг илк бор кўриниш берди
Жамият
−
27 Октябрь
16666Кеча, 26 октябрь куни суиқасдга учраган Ўзбекистон Президенти Администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжонов бугун, 27 октябрь куни кўриниш берди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида овоз берди. Бу ҳақда у ўзининг Теlegram-каналида хабар берди.
"Ўз танловимни қилдим", деб ёзган Алламжонов.
У охирги пайтларда ўзи билан содир бўлган воқеаларга муносабат билдирмаган. Фақат сайловда иштирок этганини ёзиб қолдирган.
Алламжоновга суиқасд
26 октябрь куни соат 01:40 ларда фуқаро С.С.нинг бошқарувидаги Range Rover русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган. Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.
Бугун, 27 октябрь куни Бош прокуратура томонидан ўтказилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этган шахсларнинг бир нафари аниқланиб, гумонланувчи тариқасида қўлга олинганини билдирди.
Маълумот учун, Комил Алламжонов 1984 йилнинг 18 сентябрь куни Тошкентда туғилган. Илк фаолиятини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси – “Ёшлар” телерадиоканалининг “Давр” информацион кўрсатувида бошлаган. Унинг назарга тушиши 2005-2013 йилларда Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати раҳбари лавозимида ишлаган даври билан боғлиқ. Алламжонов 2017 йилнинг 1 декабридан 2018 йилнинг 3 октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси раҳбари ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби лавозимида фаолият юритган.
2018 йилнинг 29 ноябрь куни у Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимига тайинланди. 2020 йилнинг январь ойида ушбу лавозимни тарк этди ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси бўлди. 2022 йил июлда эса Алламжонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимига тайинланди. 2023 йил август ойида эса у Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимига тайинланди ва 2024 йил сентябргача ишлади.