Алламжонов хавотирда! Эътирозлар 5 карра кўпайган
Жамият
−
18 Июнь 2019
7997Охирги икки йилда Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат телеканалларда яна турк сериаллари ва фильмлари сони ортди. Албатта, улар орасида яхши фильмлар ҳам бор, аммо Туркияда ҳам қаттиқ танқидларга учраган, турк миллатининг маънавий обрўсига доғ туширган арзон фильм ва сериаллар айнан ўзбек телеканалларида намойиш этилмоқда. Бу томошабиннинг талаби, деб ўйлайсизми? Албатта, йўқ. Бу каналлар раҳбариятининг танлови, машҳурлик ва мўмай даромад илинжи.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов агентликка томошабинлар томонидан телеканалларда намойиш этилаётган турк сериалларидан кўплаб шикоятлар келиб тушаётганини маълум қилди.
“Сўнгги вақтларда мамлакат фуқароларининг нодавлат телеканаллар эфирида намойиш этилаётган хорижий, асосан турк сериалларидан норозилиги ортиб бориши кузатилмоқда ва Агентликка келиб тушган мурожаатларига кўра, ушбу сериаллар кўп ҳолларда ўзбек халқининг миллий удум ва анъаналарига, шунингдек миллий ўзлигимизга маъно ва мазмун жиҳатдан мос келмайди. Агентликка фуқароларимиздан шу йилнинг фақатгина беш ойида келиб тушган мурожаат ва шикоятлар сони ўтган йил давомида келиб тушган жами мурожаатлар сони билан таққослаганда 5 марта кўпайган”.
Маълумки, Ўзбекистонда фаолият юритаётган теле- ва радиоканаллар, газета ва журналлар, интернет-нашрлар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан рўйхатдан ўтади ва мамлакатдаги мавжуд қонунларга риоя қилган ҳолда фаолиятини ташкил этади. Алламжоновга кўра, телеканаллар сериаллар, қимматбаҳо совғалар ва пуллик мукофотларга бой телеўйинларни намойиш этишда кимўзарга берилиб, қонунларни, лицензия талабларини бажаришни унутяпти.
“Нодавлат телеканалларда маҳсулот ва хизматлар савдосини кўпайтиришга йўналтирилган, пул ва бошқа кўринишидаги совғалар ўйналадиган кўрсатувлар сони кўпайиб бормоқда. Нодавлат телеканаллар кўрсатувлар сеткаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, телеканаллар тизимли равишда Лицензия келишуви талабларини бузиб келмоқда.
Юқорида келтирилган ҳолатлар бизда асосли хавотирлар уйғотмоқда”, дейди Алламжонов.
Комилжон Алламжонов ўз сўзини якунларкан, агентлик доимий равишда ёрдамга тайёр эканини айтиб, ОАВни қонуний тарзда фаолият юритишга чақирди.
“Агентлик республика ҳудудида қонун доирасида фаолият олиб бораётган барча – ҳам давлат, ҳам нодавлат оммавий ахборот воситаларига ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдиради.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон ахборот бозори субъектларини ўз фаолиятларини амалга оширишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақирмоқчимиз”.
Маълумот ўрнида, айни вақтда Ўзбекистондаги “Зўр”, “Севимли”, “Миллий”, телеканаллари турк сериалларини намойиш этишда пешқадам бўлиб келмоқда. MY5 телеканали эса бошқа каналлардан фарқли ўлароқ “Журналист” сериали билан томошабин эътиборини қарата олди.
LiveБарчаси