Алижоновнинг “Персеполис”га трансфери мухлислар сабаб барбод бўлди – манба
Спорт
−
06 Январь 13307 2 дақиқа
Эроннинг “Персеполис” жамоаси бош директори Пейман Ҳаддади “Пахтакор” жамоаси футболчиси Хожиакбар Алижоновнинг трансфери айрим мухлисларнинг нотўғри маълумотлари ва босимлар сабаб тўхтаб қолганини маълум қилди.
“Ўнг қанот ҳимоячиси позицияси учун Алижановни кўриб чиқдик. Дастлаб “Пахтакор” клуби футболчи учун 800 минг доллар талаб қилди. Биз 400 минг доллар таклиф беролишимизни маълум қилдик. Музокаралар жараёнида томонлар 600-650 минг доллар атрофида келишувга яқинлашди ва футболчи билан ҳам мулоқот олиб борилди”, дейди Ҳаддади.
Ҳаддадининг таъкидлашича, томонлар 1,5+1 мавсумлик шартнома бўйича келишувга эришган, бироқ айрим ташқи омиллар трансфер якунланишига тўсқинлик қилган.
“Биз футболчи билан 1,5+1 мавсумлик келишувга эришган эдик. Бироқ ўзини эронлик деб таништирган айрим шахслар музокаралар жараёнини бузди. Улар клуб ва мамлакат обрўсига путур етказишга уринган ҳолда футболчининг ўзига, ҳатто унинг онасига мамлакатдаги вазиятни салбий кўрсатишга қаратилган расм ва видеолар юборган. Бундан ташқари, клубнинг молиявий аҳволи борасида нотўғри маълумотлар тарқатилган. Натижада Ўзбекистон томони эса келишув доирасида барча тўловлар бир мартада амалга оширилишини талаб қилди. Мазкур масаладаги хавотирларни бартараф этиш учун мен шахсан “Пахтакор” директорлар кенгаши раиси билан ҳам суҳбатлашдим, бироқ улар аниқ иккиланаётганини билдирди. Афтидан, клуб футболчининг қийматини тўлиқ англаб етиб, уни Жаҳон чемпионатидан кейин янада юқори таклифлар эвазига сотишни мақсад қилган. Шу боис ушбу трансфер ҳозирча амалга ошмайди”, дейди “Персеполис” раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Персеполис” Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игор Сергеев билан шартнома имзолаганини маълум қилган эди. https://qalampir.uz/news/sergeyev-eron-klubiga-kuchib-utdi-129724
Live
Барчаси