Алиев, Мирзиёев ва “Арқадағ” уч томонлама учрашув ўтказди

Жамият

image

Бугун, 22 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий туризм зонасида Президент Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон еткачисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, энергетика ва гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон раҳбари сўзининг аввалида “Арқадағ”ни август ойи бошида БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор табриклади. Алиевни эса яқинда Вашингтон шаҳрида Арманистон билан тинчлик декларацияси имзолангани билан қутлади.

Учрашувда Президент Мирзиёев кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор таклифларни берди. Уч давлатнинг улкан транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳимлиги қайд этилди.

Амалдаги ва истиқболли йўлакларнинг туташуви Хитойни 3 давлат ҳудуди орқали Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган барқарор ва самарали трансқитъавий йўналишни шакллантириш имконини беришига ишонч билдирилди. Янги юк оқимлари, энг аввало, Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон инфратузилмасидан самарали фойдаланишни таъминлаши қайд этилди.

Ўрта маршрутни, шу жумладан Зангезур йўлагини ривожлантириш борасидаги режалар ҳам қўллаб-қувватланди. Энг муҳим масалаларни биргаликда экспертлар даражасида ишлаб чиқишга киришиш таклиф қилинди. Президент Мирзиёев Ўзбекистон асосий бозорларга бизнес учун энг қисқа ва манфаатли чиқишни таъминлаш мақсадида юк ташиш тарифларини ўзаро асосда пасайтиришга тайёрлигини айтди.

Бундан ташқари, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш логистика инфратузилмасини ривожлантиришда иштирок этиши мумкин бўлган донор давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан прагматик ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бериши таъкидланди.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, мамлакат Каспий денгизи орқали юкларни ташиш учун ўз паром қувватларини яратишдан манфаатдор.

Энергетика хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кооперацияни чуқурлаштириш ва энергия ресурсларини учинчи мамлакатларга экспорт қилиш йўлакларини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди. Бу борада Европага “яшил” энергия етказиб беришни ташкил этиш лойиҳаси истиқболли экани таъкидланди. Анъанавий углеводородлар борасида Каспий шельфида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва конларни ўзлаштириш соҳасида ҳамкорлик истиқболларини ўрганиш таклиф этилди.

Учрашувда яна бир қатор таклифлар берилди:

  • Барқарор савдо-логистика занжирларини ривожлантириш, улгуржи-тақсимот марказларини ташкил этиш ва йирик савдо тармоқларига чиқиш, фитосанитария ва карантин талабларини унификация қилиш, маҳсулотларни рақамли маркировкалашни жорий қилиш, қўшма электрон платформаларни ишга тушириш ва товар-хомашё биржалари кооперациясини кенгайтиришни назарда тутадиган комплекс ҳаракатлар режасини биргаликда тайёрлаш;
  • Савдо-саноат палаталари шафелигида кўргазма-ярмарка тадбирлари ва ишбилармонлик учрашувларини ўтказиш орқали уч мамлакат ҳудудларини ушбу жараёнларга фаол жалб қилиш;
  • Гуманитар алоқаларни кенгайтириш доирасида 3 давлат ва учинчи мамлакатлардан сайёҳлар оқимини кўпайтириш, халқларнинг бой маданий мероси муштараклиги, анъана ва урф-одатлари яқинлигини намойиш этиш имконини берадиган туризм ва маданий алмашинувларнинг уч томонлама дастурини қабул қилиш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга етиб борганди. Туркманбоши шаҳри аэропортида давлат раҳбарини Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Нокергули Атагулиев ва бошқа расмий шахслар кутиб олганди. Шундан сўнг, Туркманистоннинг “Аваза” миллий туризм зонасининг Конгресс марказида Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг юзма-юз ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев Арқадағ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг