Алишер Қодиров ўзбек ёшларини Россия учун потенциал муҳожирга айлантираётган омилни айтди
Жамият
−
15 Апрель 2021
7530Ўзбекистонда ёшлар қонунчиликдаги хато сабаб ўзбек ва рус тиллари орасида сарсон бўлиб, алал оқибат илмсиз бўлиб қоляпти. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров шундай фикрни билдирди.
Депутат Россия Президенти Владимир Путиннинг “Россияда муҳожирларнинг фарзандлари амалда рус тили ва маданияти муҳитига, имкони борича рус миллий қадриятларига тўлиқ сингиб кетишига эришиш керак”, деган фикрига муносабат билдириб, бу рус манфаатларига хизмат қилишини таъкидлаган.
“Бу рус миллий манфаатлари нуқтаи назаридан ҳурмат қилиниши керак бўлган, тўғри фикр. Қаерда яшасанг ўша ерга мослашасан. Юмшоқроқ бўлсанг сингиб ҳам кетасан, албатта”, дейди Қодиров.
У Ўзбекистонда кўп йиллардан бери оз сонли рус ватандошларининг ўзбек тилига мослашиши ўрнига, аксинча бўлаётганини танқид қилиб, шундай дейди:
“Биз эса юз йилдан бери рус ватандошларимизга ўзбек тилини ўргата олмаймиз. Аксинча, ўзбеклар фарзандини рус тилида таълим олишга йўналтираётгани одатийлашиб бормоқда. Тошкент шаҳрида ўзбек тилида ўқитилмайдиган мактаблар сони кўпайиб кетди. Ачинарлиси, бундай мактабларнинг 90 фоиздан кўп ўқувчилари ўзбеклардир. Бу қонунчиликдаги хато билан боғлиқ масала”.
Унинг таъкидлашича, янги таҳрирда кўрилаётган “Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 18-моддасида “Ўзбекистонда яшовчи шахслар тарбия ва таълим олиш тилини танлаш ҳуқуқига эгадирлар” деб белгиланмоқда. Бу ҳуқуқ амалдаги қонунда ҳам бор бўлиб, фақат таълим тилига тегишли эди, энди тарбия ҳам қўшилмоқда.
“Бу норма моҳиятан бошқа миллат вакили бўлган ватандошларимизнинг она тилида тарбия кўриш ва таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган эди. Буни қарангки, ўзбек оилалари “фарзандим рус тилини яхши билсин” деган ният билан боғчадан ёки 1-синфдан бошлаб фарзанди учун тамоман бегона бўлган тилни танлашмоқда”, дейди Қодиров.
У ўзбек ота-оналарининг фарзанди учун рус тилини танлаётганини болаларнинг илмсиз бўлишининг бош сабаби қилиб кўрсатган.
“Фожиа фақат бунда эмас. Эътибор беринг, болалар 5-6 синфгача бутун диққатини рус тилини англаш учун (!) сарфлайди. Табиий равишда бошқа муҳим фанларни рус тилида тушунмагани учун ўзлаштира олмайди. Бу вақтга келиб иккинчи шок бошланади: юқори синфларда аниқ фанларни рус тилида ўқитадиган педагоглар йўқ ҳисоби. Энди бола математика ва физикани ўзбек тилида ўқишга мажбур бўлади, лекин ўзбек тилини тушунмайди”, дея дастлабки йилларда рус тили ўқитишнинг оқибатларини санаган депутат.
У сўзида давом этиб, бола шу иккита шок билан, рус тилини “судраб”, миллий қадрият, ватан, маънавият деган сўзларга нафрат билан мактабни битиришини таъкидлаган.
“Марҳамат, ўзбек ёшларидан иборат ишчилар гуруҳи. Бу ҳолатда уларнинг жуда кўпи учун ягона йўл Россияда қора меҳнат бўлиб қолади”, дея ўзбекистонликларнинг ўзга юртга муҳожирлик нонини ейишга мажбур бўлишини қўшимча қилади Қодиров.
Қайд этилишича, шу сабабли “Миллий тикланиш” партиясининг фракцияси ушбу нормани “Ўзбекистонда яшовчи шахсларга ўз она тилида тарбия ва таълим олиш учун шароит яратилади” шаклида ўзгартиришни ташаббус қилмоқда.
“Конституцияда Ўзбекистондаги барча миллатларнинг тилларини ривожлантириш учун шароит яратишга ваъда берилган. Бу ваъда ошиғи билан бажарилмоқда, бажарилиши ҳам керак. Лекин, бағрикенглигимиз оқибатида ўзбекларнинг янги авлоди ўзлигини англамайдиган, она тилини билмайдиганлардан иборат бўлишига йўл қўйиб бўлмайди.
Ўзбекнинг боласи ўзбек қадриятлари билан тарбия кўрсин, саводини ўзбек тилида чиқарсин, 7-синфдан бошлаб истаган хорижий тилни ўргансин, бу миллат ривожи учун зарур.
Бошқа миллат вакиллари бўлган ватандошлар ҳам она тилларида тарбия кўрсинлар, савод чиқарсинлар, лекин хорижий тиллар билан бир қаторда, ватан тили сифатида ўзбек тилини ҳам ўрганишлари керак”, дейди Алишер Қодиров.
У сўзини таниқли рус ёзувчиси Фёдор Достоевскийнинг ушбу сўзлари билан якунлаган:
“Ўзлигига бегона инсондан бахтсизроқ яна ким бўлиши мумкин?”
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь