Алишер Қодиров аёлларга енгилроқ жазо бериш тартибини ўзгартиришни таклиф қилди

Олам

image

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистон Жиноят кодексидаги аёлларга енгилроқ жазо тайинлашни назарда тутувчи моддани ўзгартиришни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.

Депутат ўз таклифини ўтган йили декабрь ойида Тошкент шаҳрида жойлашган “Жажжи ниҳоллар” нодавлат мактабгача таълим муассасасида содир бўлган мудҳиш воқеа мисолида тушунтиради. Ўшанда 28 ёшли тарбиячи ва 68 ёшли услубчиси 2 яшар болани 3 кун давомида қийнаб, унинг ўлимига сабабчи бўлганди. Суд ҳукми билан тарбиячи 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди, услубчига эса 3 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

“2 ёшли боғча боласининг ўлимига сабаб бўлган тарбиячи аёлга 6 йил қамоқ! 
Жиноят кодексининг 50-моддасига мувофиқ, жиноятчи фақат аёл бўлгани учун жазо муддатининг 3 дан 2 қисми белгиланади. 

Эътибор беринг, ҳар қандай аёл, ҳар қандай жиноят учун, ҳатто қасддан одам ўлдирган, буни такроран қилган хавфли рецидивист бўлса ҳам, шу моддага мувофиқ, жазо муддатининг 3 дан 2 қисми берилади”, дейди депутат.

Қонунчиликдаги ушбу ҳолатни “жиноятни рағбатлантиришдек инсонийлик”, дея тарифлаган Алишер Қодиров шу сабаб аёллар орасида жиноятчилик ошиб бораётган бўлиши мумкинлигини қайд этган.

“Қонунни мутахассислар билан муҳокама қилмоқчимиз”, дейди Қодиров. 

Шу билан бирга, у тарбия-таълим муассасаларидаги фаолият оғир эканидан келиб чиқиб, пенсия ёшини 50 ёшгача қисқартириш, пенсионерларни болалар билан бевосита ишлашини чеклаш ҳақида ўйлаш кераклигини таъкидлаган. 

“Бу болалар хавфсизлиги учун зарурат, шу билан бирга, соҳада қон алмашинувини тезлатиш, тарбия ва таълимга замонавий қарашларни тезроқ кириши учун ҳам керак”, дейди депутат.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Алишер Қодиров Тошкентда пиво фестивалини ўтказган ва унга рухсат берган шахслар жазоланиши кераклигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров аёллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг