Алифбо ўзгаряпти: ҳужжатлар ва пуллар ўз кучида қоладими?
Жамият
−
20:41 1807 2 дақиқа
Бугун, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади. Ушбу қонун билан алифбо ўзгаришидан олдин чиқарилган ҳужжатлар ва пуллар ўз кучини сақлаб қоладиган бўлди. Бу ҳақда ҳужжатнинг 2-моддасида келтирилган.
Ҳужжатга кўра, “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.



Қонун кучга киргунига қадар лотин алифбосининг аввалги шаклларидан фойдаланган ҳолда расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз юридик кучини сақлаб қолади ҳамда муомалада бўлиши мумкин.
Давлат органлари ва ташкилотларининг рамзлари ҳамда бошқа атрибутлари, бинолардаги Давлат гербининг бўртма тасвирлари, шунингдек, географик объектлар номлари ёзилган пешлавҳа ва кўрсаткичлар аввалги ҳарф шаклларида бўлса, улар эскиргунга қадар ёки қонунни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган муддатларга қадар фойдаланилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамаси ушбу қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаши зарур. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини ушбу қонунга мувофиқлаштиради, ижросини амалга оширишга доир чора-тадбирлар дастурини икки ой муддатда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган Сенатнинг 19-ялпи мажлисида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланган эди.
Live
Барчаси