Альфраганус UNESCO йиғилишига мезбонлик қилди
Бизнес
−
12 Октябрь
3621Бугун Ўзбекистонда UNESCO’нинг нуфузли йиғилишларидан бири бўлиб ўтмоқда. Бу ташкилотнинг Банкокдаги минтақавий ваколатхонаси томонидан ташкил қилинган “Ёшлар келажаги ва таълимда тадбиркорлик” мавзусидаги 10-Кенгаш йиғилишидир. Ушбу тадбирга Ўзбекистоннинг Алфраганус университети мезбонлик қилмоқда.
Нега айнан Алфраганус? Чунки 2023 йилнинг октябрь ойида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган 9-Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон вакили навбатдаги анжуманга Алфраганус университети мезбонлик қилишдан манфаатдор эканлигини билдирган.
UNESCO’нинг Осиё ва Тинч океани минтақасида таълим инновацияларини ривожлантириш тармоғи томонидан ўтказиладиган ушбу тадбирнинг аҳамиятли жиҳатларидан бири шундаки, Кенгаш йиғилиши биринчи маротаба Марказий Осиё минтақасида ўтказилмоқда.
Анжуманга дунёнинг 34 давлатидан 100 дан ортиқ экспертлар, профессор-ўқитувчилар, тадбиркорлар, халқаро ташкилотлар вакиллари таклиф этилган. Шунингдек, 200 дан ортиқ маҳаллий олий таълим муассасалари ректорлари, академиклар, профессор-ўқитувчилар, етакчи тадбиркорлар йиғилиш меҳмони бўлди.
“Бугун бутун дунё бўйлаб барча мутахассислар йиғилган. Шу сабабли биз улар дуч келаётган қийинчиликлар ва улар эга бўлган тажрибаларни мухокама қилоламиз. Умид қиламанки, бу тадбирда ҳаммамиз бир-биримиздан янги билимлар ўрганамиз, бошқа мамлакатлар билан тажриба алмашамиз ва бунда Ўзбекистон ҳам муҳим роль ўйнайди”, дейди UNESCO’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади.
Йиғилишда халқаро экспертлар томонидан таълим соҳасида тадбиркорликка халқаро ёндашувлар, ушбу жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни тўғрисида тақдимотлар намойиш этилди.
“Ўзбекистон Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ кичик ва ўрта бизнесга эга. Бу янги бизнес етакчиларни кашф қилиш, уларни ўқитиш учун яхши имконият. Мен бунда нафақат университетларни, балки бошланғич ва ўрта мактабларни ҳам назарда тутяпман. Жараёнда ёшлар бизнеслар қандай муваффақиятли ривожланиши ва қандай ишлаши ҳақида кўникмаларга эга бўлади. Шунингдек, бизнесда муваффақиятга эришиш учун молиявий саводхонлик, бизнес саводхонлиги, медиа саводхонликни ўқитиш зарур. Ҳозир буни амалга ошириш учун жуда қулай вақт ва бу Ўзбекистон учун яхши имконият”, дейди Кембриж таълим ҳамкорлигининг Европа, Марказий Осиё ва Америка қитъасидаги таълим ислоҳоти бўлими раҳбари Стив Кинг.
Тадбир давомида, шунингдек, тадбиркорлик таълимига бағишланган махсус журналнинг очилиш маросими ҳамда минтақада тадбиркорлик таълимини ривожлантириш бўйича келажак стратегияларини белгилаб берувчи Ёшлар ва тадбиркорлик таълими бўйича Тошкент декларациясини имзолаш режалаштирилган.
“Бу конференция доирасида 35 дан ортиқ мамлакатлардан ташриф буюрган халқаро экспертлар Алфраганус университетида турли хил мавзуларда марузалар ўқишади ва амалиёт қилишади. Конференция сўнгида Тошкент декларацияси қабул қилинади. Мазкур декларацияга асосан Осиё мамлакатларида тадбиркорлик таълимини ривожлантириш бўйича Алфраганус университети тажрибаси қўлланилади”, дейди университет ректори Муҳаммадисмоил Маҳмудов.
Бу Алфрагануснинг биринчи бор халақаро тадбирларга мезбонлик қилиши эмас. Университет мунтазам равишда дунёнинг бир нечта нуфузли университетлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшлар таълимини ривожлантириш учун канференциялар, анжуманлар, йиғилишлар ўзказиб, илмий журналларни нашрдан чиқариб келмоқда.
“Алфраганус университети ҳақиқатан ҳам UNESCO’нинг фаол ҳамкори. Бу бизнинг 10-йиғилишимиз. Сўнгги ўн йил ичида биз тадбирни мунтазам равишда ўтказиб келдик. Шу йиллар давомида UNESCO Алфраганус университети билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Улар тадбиркорлик таълимини доимо қўллаб-қувватлайди”, дейди халақаро ташкилот вакили.
Кенгаш йиғилиши Тошкентда икки кун бўлиши режалаштирилган. Шундан сўнг, 12-13 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳудудларига саёҳат ташкил этилади.
Instagram - Alfraganus University
Facebook - Alfraganus University
YouTube- Alfraganus University
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси