Ален Делон вафот этди
Маданият-санъат
−
18 Август
19517Франциялик актёр Ален Делон 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда бугун, 18 август куни “Le Figaro” газетаси хабар берди.
Ален Делон 1935 йил 8 ноябрда Парижнинг жанубий чеккасида туғилган. Унинг болалиги Бург-ла-Рейн шаҳрида ўтган.
1957 йилда актёр иштирокидаги биринчи “Аёл аралашганда” фильми чиқди. 1960 йилда у “Ёрқин қуёшда” фильмидан сўнг ўзининг илк муваффақиятига эришди. Кейин “Рокко ва унинг биродарлари” ва “Леопард” фильмлари Делонга катта шуҳрат келтирди. Делон “Олтин глобус” мукофотини ҳам қўлга киритган.
Сўнгги йилларда актёр оғир касаллик билан курашиб келаётган ва икки бор инсультни бошдан кечирганди. Бундан роппа-роса бир ой олдин француз кино юлдузининг қизи Анушка Делон оғир касал бўлган отасининг суратларини оммага кўрсатганди. Ален Делонга саратон ва альцгеймер касаллиги ташхиси қўйилган эди. Аёлнинг қўшимча қилишича, суратлар отасининг розилиги билан олинганди.
Анушкадан ташқари, Ален Делоннинг иккита ўғли бор - Энтони ва Ален-Фабьен Делон.
Маълумот учун, актёр “Самурай” (1967) ва “Борсалино” (1970) фильмларидаги образлари билан шуҳрат қозонган. Ўзбекистонлик томошабинлар эса уни “Астерикс ва Обеликс Олимпиада ўйинларида” комедиясидаги Юлий Цезарь образи билан танийди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ален Делоннинг уйида рухсатсиз ишлатиб келинган 72 та қурол ва 3 000 дан ортиқ ўқ-дорилар топилгани хабар қилинганди. Ален Делон 2022 йилнинг сентябрь ойида Украина Президенти Владимир Зеленский билан бўлган онлайн суҳбатда “Украиналик аскарлар сафида жанг қилган бўлардим”, деб айтган. Актёрнинг ўғли Энтони Делон жорий йилнинг 4 январь куни “Paris Match” журналига берган интервьюсида отасининг соғлиғи заифлиги ва ўтган Рождество унинг учун охиргиси бўлиши мумкинлигини айтганди.
LiveБарчаси