Актам Хаитов “UzAuto Motors” каби монополларга қарши курашишни ваъда қилди
Жамият
−
12 Март 2020
11736“UzAuto Motors”нинг автомобиллар нархини ошириши ортидан бошланган баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Бугун, 12 март куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал Демократик партияси расмий сайтида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитовнинг баёнот эълон қилинди. Унда шундай дейилади:
“UzAuto Motors”нинг нархларни халқ билан маслаҳатлашмай ошириши партия электоратини ҳам, O'zLiDeP депутатларини ҳам норози қилди.
Ваҳоланки, тараққиётимизнинг янги даврида ҳар бир ташкилот ўз қарорини халқ муҳокамасига қўйишга ўрганди. Ҳаттоки, қонун лойиҳалари ҳам халқ "экспертиза"сидан ўтказилаётгани фикримизга яққол далил. “UzAuto Motors” эса ана шу янги тенденцияни назар-писанд қилмади. Нархларни ўзи билганича оширди.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан четда қолиб кетяпсизлар, дегувчиларга айтмоқчимиз: O'zLiDeP сайловолди дастурида монопол корхоналарга қарши курашиш устувор вазифа этиб белгиланган. Партиямиз барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг, ҳалол, адолатли, тизим яратиш тарафдори. Ана шундай демократик-либерал тамойил одамларни ҳам, тадбиркорларни ҳам давлатдан рози бўлиб яшашига замин яратади.
“UzAuto Motors” яқин орада автомобилларга ўрнатилган янги нархлар бўйича баёнот берди. Очиғини айтсак, улар ўзини нима деб оқлаши, нега айнан “Damas”, “Spark”, “Nexia” каби машиналар нархларида кескин ўзгаришлар бўлганини билиш биз учун ҳам қизиқ эди.
“UzAuto Motors” қандай баёнот берганидан қатъи назар, бир фикрда қатъиймиз: халқ ва халқ вакиллари – депутатларни ҳурмат қилган ҳар қандай ташкилот нархни оширмасдан олдин буни халқ муҳокамасидан ўтказиши лозим эди.
Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлган фикримиз қуйидагича: бундан буён O'zLiDeP ўзи билганча иш қиладиган монопол корхоналарни ўз ҳолига ташлаб қўймайди”.
Партия расмийси ўз баёнотида жуда оғир юкни гарданига олган, катта ваъдалар бериб юборган. Кўрамиз, у мамлакатда монополияга қарши қанчалик кураша оларкин. Унинг айтганлари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва ҳокимга оид корхоналарга ҳам таъсир ўтказишини кутамиз.
LiveБарчаси