QALAMPIR.UZ сўровномаси: автомобиллар нархи ошишига одамлар нима дейди?

Жамият

Жорий йилнинг 9 март куни “UzAuto Motors” компанияси Damas ва Spark русумли автомашиналарининг нархини 21 фоизгача, Nexia, Cobalt ва Lacetti нархларини эса 15 фоизгача оширди. Бу ҳолат одамлар орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Хўш, нархлар ошишига одамлар нима дейди? QALAMPIR.UZ халқ фикрини ўрганди. 

Сўровномага кўра, аксар халқ вакиллари ўз норозиликларини билдирди. Уларнинг айримларидан иқтибослар келтириб ўтамиз.

“Бизда ҳеч нарсанинг нархи тушмайди. Битта бананнинг нархи коронавирус сабаб тушганди. Арзон бўлди деб сотиб олишни бошлаган эдик, бир зумда яна аввалги нархига қайтиб қолди”;

“Чет элда йил якунида автомашиналар сотиб олишга чегирмалар жорий этилади. Бизда эса нархлар ошгани ошган”;

“Ўзбекистонда “Peugeot” корхонасига очилади дейишганди. Кейин очилмайди дейишди. “Volkswagen” заводи очилади дейилди. Бу воқеага ҳам бир йил бўлиб қолди. Ёки бу ҳам очилмайдими? “GM Uzbekistan” ўрнига “UzAuto Motors” ташкил қилинди. Бу корхона қайта ташкил этилганидан бери нима иш қилиб берди?”; 

“Айнан оддий халқ сотиб оладиган машиналар нархи ошган-у бойлар оладиган машиналар нархи ошмаган. Уларнинг рақобатчиси йўқ. Шу сабабли улар истаган нархини қўйиб сотишмоқда”, деган турли туман фикрлар билдирилди. Сўровномани тўлиқ видеороликда кўришингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, машиналарнинг нархи ошгач, бир қанча расмийлар ўз эътирозларини билдирди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев автомобиллар нархининг тўсатдан оширилишида халқнинг танқидларини ўринли деб ҳисоблашини айтди. Депутат буни камбағални туянинг устида ит қопишига ўхшатди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси эса “UzAuto Motors”нинг нархларни тўсатдан оширишини  истеъмолчилар устидан яна бир аҳмоқона “юриш қилиш” деб атади.

Бугун, 11 март куни, орадан икки кун ўтиб, “UzAuto Motors” ҳолатга ўз баёнотини эълон қилди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

UzAuto Motors UzAuto Сўровнома

Баҳолаганлар

326

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг