Акаев собиқ президент мақомини қайтариб ололмаслиги мумкин
Олам
−
24 Сентябрь
3825Қирғизистон парламентининг Конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқ масалалари ва регламенти қўмитаси республиканинг собиқ раҳбари Асқар Акаевнинг собиқ президент мақомини қайтариш ҳақидаги аризасини рад этишни тавсия қилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Депутат Жанарбек Акаевнинг фикрича, қочқин президентнинг илтимоси қондирилса, жамият буни тушунмаслиги мумкин.
“Жамоатнинг бу борадаги позицияси аллақачон аниқ. Акаев президентлиги даврида Ақсида ўнлаб одамлар отиб ўлдирилган. Норозилик сифатида очлик эълон қилган ватанпарвар Шерали Назарқулов Оқ уй олдида вафот этди. Акаев ҳам инсон ҳуқуқларини оммавий равишда поймол қилган ва унинг ҳаракатлари мамлакатда оилавий-клан бошқарувига сабаб бўлган”, дейди у.
Шунингдек, депутат Акаевнинг камчиликлари ҳақида чексиз гапириш мумкинлиги, шу муносабат билан нега унинг мақомини қайтариш ва яшаш жойи билан таъминлаш зарурлигини сўроқ остига олди.
Маълумот учун, Акаев Қирғизистонни 1990-2005 йилларда бошқарган. 2005 йил 24 мартда мамлакатдаги “Лола инқилоби” оқибатида ҳокимиятдан ағдарилган ва Россияга қочиб кетган. Шундан буён у Россияда яшайди.
Акаев раҳбарлиги мамлакатда коррупция, ҳокимиятни тортиб олиш, шунингдек, Жалолобод вилояти Ақси тумани Боспиек қишлоғида ўтказилган тинч митингда фуқароларга қарши қурол қўллагани билан ёдда қолган.
Бугунги кунда фақат Сооронбай Жээнбеков ва Роза Отунбоева собиқ президент мақомига эга. Қонунга кўра, собиқ президентлар умрбод суғурта, давлат хавфсизлиги, тиббий ёрдам, маош, давлат дачаларидан бири ва бошқа кўп нарсалардан бепул фойдалана олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Асқар Акаев Қирғизистон парламентига ўзининг собиқ президент мақомини қайтаришни сўраб расмий мактуб йўллаган эди.
LiveБарчаси