АҚШнинг Техас штатида мигрантларни ҳибсга олишга оид қонун кучга кирди
Олам
−
20 Март
6361АҚШ Олий суди Техас штатига чегарада ноқонуний муҳожирларни ҳибсга олишга рухсат берди. Бу ҳақда, “Тhe Washington Post” нашри хабар берди.
Қайд этилишича,Техас ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига чегарада ноқонуний муҳожирларни ушлаб туришга рухсат берувчи қонун ўтган йили штат органлари томонидан қабул қилинган, бироқ федерал ҳукумат бунга қарши чиққан.
"SB4" номли қонунга асосан муҳожирларнинг чегарани ноқонуний кесиб ўтиши жиноят ҳисобланиб, фуқаролиги бўлмаган шахсларни олти ойгача ҳибсга олиш ва депортация қилиш мумкин бўлади.
Нашрнинг таъкидлашича, ушбу қонун ижроси тарихан федерал ҳукумат назоратининг бир қисми бўлса-да, суднинг "кўпчилик консервативлари" қонуннинг кучга киришига рухсат берди, аммо унга ҳали эътироз билдирилиши мумкин.
Оқ уй матбуот котиби Карине Жан-Пернинг айтишича, Президент Жо Байден маъмурияти Техасга "зарарли ва конституцияга зид қонун"ни амалга оширишга йўл қўймаслиги керак.
Бундан ташқари, Мексика Ташқи ишлар вазирлиги ҳам иммиграцияга қарши қонунни қоралаган.
"Ташқи ишлар вазирлиги Техасда мигрантлар оқимини жиноий жавобгарликка тортиш, оилавий ажралиш, камситиш ва мигрантлар ҳуқуқларини бузувчи ирқий зўравонликни рағбатлантириш орқали тўхтатишга қаратилган "SB4" нинг кучга киришини қоралайди", дейилади Мексика Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти даврида муҳожирларнинг мамлакат чегарасида тўпланиши рекорд даражага етгани ҳақида хабар бергандик.
Мадина Отабоева
LiveБарчаси