АҚШнинг нуфузли банкларидан бири Ўзбекистонда офисини очади
Жамият
−
21 Сентябрь 2023
3889АҚШнинг энг йирик “Citigroup” молиявий корпорацияси Ўзбекистонда “Citibank” шўъба банки офисини очади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 20 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида АҚШнинг энг йирик “Citigroup” молиявий корпорацияси раиси Жон Дуганни қабул қилган. Унда Ўзбекистон банклари ва давлат корхоналари облигацияларининг халқаро фонд бозорларида муваффақиятли жойлаштирилишига кўмаклашган корпорация билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилган.
Хусусан, давлат раҳбари “Citigroup”нинг Ўзбекистонда “Citibank” шўъба банки офисини очиш бўйича режаларини қўллаб-қувватлаган.
Учрашувда шунингдек, банк-молия соҳасини ривожлантириш, фонд бозоридаги қимматли қоғозлар жозибадорлиги ва ликвидлигини ошириш учун самарали воситаларни жорий этиш, мамлакат капитал бозорига хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, АҚШ корпорацияси билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таъсирчан механизмлар ва аниқ ижро муддатларини кўрсатган ҳолда “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Футбол ассосиациялари халқаро федерацияси (FIFA) раҳбари Жанни Инфантино билан учрашув ўтказган эди. Шунингдек, Президент “Boston Consulting Group” компанияси раиси Рич Лессерни қабул қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь