АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаси ракета ҳужумига учради
Олам
−
01 Октябрь
2894Ироқда бугун, 1 октябрь куни эрталаб Бағдод аэропорти яқинида жойлашган АҚШнинг Ғалаба ҳарбий базаси учта ракета билан ҳужумга учради. Бу ҳақда хавфсизлик доираларидаги манбаларга таяниб, AFP агентлиги хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларидан бирининг айтишича, иккита ракета базанинг мудофаа тизими томонидан уриб туширилган, учинчиси эса терроризмга қарши кураш қўмондонлиги штаб-квартираси яқинида қулаган. Яна бир манба бу маълумотни тасдиқлаб, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмагани ва ракеталар авиация ҳаракатига таъсир қилмаганига аниқлик киритди.
AFP таъкидлашича, 2023 йил 7 октябрда бошланган Яқин Шарқдаги можаронинг кескинлашувининг янги босқичи фонида Ироқдаги АҚШ кучлари томонидан фойдаланиладиган базаларга ҳужумлар тез-тез учраган. Айни пайтда Ироқда 2500 га яқин америкалик аскар жойлашган, яна 900 нафар америкалик ҳарбий эса Сурияда хизмат қилмоқда.
“10 йил олдин Қўшма Штатлар Ироқ ва Суриянинг учдан бир қисмини бир неча ойлар давомида босиб олган ва у ерда даҳшатли зўравонлик ва шафқатсизлик кампаниясини олиб борган ИШИД террорчи гуруҳга қарши курашиш учун глобал коалицияни сафарбар қилди”, дейди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен кеча, 30 сентябрь куни Вашингтонда сўзлаган нутқида.
АҚШ Давлат котибининг қўшимча қилишича, 2014 йилда бошланган Inherent Resolve ҳарбий амалиёти Ироқда 2025 йил сентябригача якунланади.
“Ушбу даврда Қўшма Штатлар Ироқ билан ҳамкорликда хавфсизлик бўйича шериклик ва ҳамкорликни сақлаб қолиш ва кенгайтириш имконини берадиган икки томонлама хавфсизлик чораларини келишиб олади”, дейди у.
Блинкенга кўра, 2024 йил сентябрида АҚШ махсус кучлари Сурияда ИШИДнинг бир неча юқори мартабали етакчиларини йўқ қилган.