АҚШнинг десант кемасида ёнғин ва портлаш юз берди (видео)
Олам
−
13 Июль 2020
9610АҚШнинг USS Bonhomme Richard десант кемасида ёнғин чиқди ва портлаш юз берди. Кема Сан-Диегодаги ҳарбий базада бўлиб турганди.
Ёнғин оқибатида 21 киши: 17 нафар денгизчи ва 4 нафар оддий фуқаро жабрланди. Ёнғин вақтида кема бортида 160 га яқин ҳарбий бўлган. Уларнинг барчаси эвакуация қилинган. Жароҳатланганлар маҳаллий енгил жароҳат билан шифохонага ётқизилган.
Ёнғин маҳаллий вақт билан 12 июль соат 8:30 да кеманинг қуйи қисмида бошланган ва ёнилғи бакларига ҳам ўтган. Ёнғинни ўчиришда маҳаллий ўт ўчирувчилар ҳамда ҳарбий база ва кема жамоаси иштирок этган. Ёнғинни ўчиришга бир неча кун талаб қилиниши мумкин. Ҳозирда кемада ўт ўчирувчилар қолиб, уни ўчиришни давом эттирмоқда.
Ёнғин бошлангандан кейин кемада портлаш юз бергани айтилмоқда. АҚШ Ҳарбий денгиз кучларининг Сан-Диегодаги вакили Майк Рейнининг айтишича, ҳозирча ёнғин ва портлаш сабаби номаълум. Аммо бу қасддан уюштирилганига ишора қилувчи белгилар ҳам йўқ. Кемада қурол-аслаҳалар ҳам бўлмаган.
USS Bonhomme Richard кемаси Wasp синфидаги универсал кема бўлиб, қуролланишга 1998 йилда олинган. Унинг жамоаси 102 зобит ва мингдан кўпроқ денгизчидан иборат. Кема узунлиги 250 метрни, сув сиғимдорлиги 28 минг тоннадан кўпроқни ташкил қилади. Кема зенит-ракета қурилмалари ва вертолётлар учиши палубаси билан жиҳозланган. Кема ҳарбийлардан ташқари, вертолётлар, катерлар ва транспорт воситалари-амфибияларни таший олади.