АҚШдаги шахматчи Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистонга қарши ўйнашдан бош тортди

Спорт

image

Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида шахмат бўйича 44-жаҳон олимпиадаси бўлиб ўтмоқда. Мусобақада Ўзбекистоннинг эркаклар ва аёллар терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда. 

Шахмат Олимпиадаси кеча, 29 июль куни старт олди. 1-раунд баҳсларида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Непал устидан 4:0 ҳисобида ғалабага эришди. Непалга қарши ўйинда Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров ва Шамсиддин Воҳидов каби шахматчилар дона суришди.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам Гана устидан 4:0 ҳисобида муваффақият қозонди. Ўзбекистон шарафини Умида Омонова, Афруза Ҳамдамова, Мафтуна Бобомуродова ва Маржона Маликова ҳимоя қилган.

2-раунд шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Олимпиада фаворитларидан бири АҚШ вакилларига қарши баҳс олиб борди ва 3:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўзбекистонликларнинг ягона ғалабасини Йип Кариссани мағлуб этган Умида Омонова қайд этди.

Таъкидлаш керакки, ҳозирда Америка Қўшма Штатлари шарафини ҳимоя қилаётган ўзбекистонлик шахматчи Гулруҳбегим Тоҳиржонова Нилуфар Ёқуббоевага қарши баҳс олиб бориши керак бўлган. Бироқ Гулруҳбегим ҳамюртларига қарши ўйнашдан бош тортган. Унинг ўринини Круш Ирина эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, Тоҳиржонова 2020 йилдан буён Америкада истиқомат қилади. Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШга кетишига Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Ҳусан Турдиалиевни ва федерациясидаги адолатсизликларни сабаб қилиб кўрсатган

Маълумот учун, Тоҳиржонова Ўзбекистон тарихида иккинчи бўлиб халқаро гроссмейстер унвонини қўлга киритган. 2021 йилда шахмат бўйича Америка чемпионатида иккинчи ўринни олган. Шундан сўнг, АҚШ терма жамоаси таркибига жалб қилина бошлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулруҳбегим Тоҳиржонова

Баҳолаганлар

1833

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг