АҚШдаги сайловда ким ғалаба қозонгани Эрон учун аҳамиятсиз – Пезешкиён

Олам

image

АҚШда 5 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида кимнинг ғалаба қозонгани Эрон учун аҳамиятга эга эмас, Теҳрон ўзининг ички кучларига таянади. Бу ҳақда бугун, 7 ноябрь куни Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён маълум қилди.

“Биз учун АҚШдаги сайловларда ким ғалаба қозонгани ҳеч қачон муҳим бўлмайди. Чунки бизнинг давлатимиз ва тизимимиз ўз ички кучларига таянади”, деди у.

Шунингдек, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағойи ҳам Дональд Трампнинг ғалабасига муносабат билдириб, АҚШда ўтган сайловларни ўтмишдаги хатоларни кўриб чиқиш учун имконият деб атади.

“Президентни танлаш масъулияти АҚШ халқининг зиммасида. Ҳозир халқ ўз танловини қилди. Бу сайловлар ўтмишда қилинган хато ёндашувларни қайта кўриб чиқиш учун имкониятдир”, деди Бағойи.

Унинг сўзларига кўра, Теҳрон АҚШнинг аввалги маъмуриятлари билан мулоқотдаги “аччиқ” тажрибани эслаб қолган. Бағойи, шунингдек, Вашингтондаги янги ҳокимиятнинг самарадорлигини баҳолашда Эрон учун энг муҳим кўрсаткич аниқ амалиётлар бўлишини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, 5 ноябрь куни АҚШда мамлакат президентлиги учун навбатдаги сайловлар ўтказилган. Унда республикачилардан Дональд Трамп ва демократлардан Камола Ҳаррис рақобатлашди. Дастлабки натижаларга кўра, собиқ президент Дональд Трамп сайловдаги ғалабасини эълон қилди.

Шундан сўнг дунё етпкчилари, шунингдек, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни Америка Қўшма Штатлари Президенти этиб сайлангани билан табриклади. Бундан ташқари, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Дональд Трампнинг сайловдаги ғалабасидан сўнг Оқ уй бошқаруви янги маъмуриятга ўтгач, Қобул ва Вашингтон ўртасида “янги боб” очилишига умид билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Масъуд Пезешкиён

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг