АҚШдаги ноқонуний мигрантлар сони деярли 1 миллионга камайди
Олам
−
21 Июнь 3146 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг бошида мамлакатдаги ноқонуний мигрантларга қарши курашни бошлагач, уларнинг сони деярли бир миллионга камайди. Бу ҳақда Штатлар Меҳнат статистикаси бюроси маълумотларига таяниб, АҚШ Миграция тадқиқот маркази мустақил илмий-тадқиқот ташкилоти хабар берди.
“Бизнинг қайта ишланмаган маълумотлар асосидаги таҳлилимиз шуни кўрсатадики, 2025 йил январдан майгача чет элликлар – ишлаётган ҳамда ишламайдиганлар сони жами 957 минг кишига камайган”, дейилади хабарда.
Мутахассисларнинг дастлабки баҳосига кўра, жорий йилнинг май ойи ҳолатига АҚШда 14,8 миллион ноқонуний мигрант яшаган ва бу январь ойига нисбатан 1 миллион кишига кам. Ҳисобот муаллифларининг тахминича, АҚШ фуқаролигига эга бўлмаган чет элликлар “Трампнинг президентлик сайловларидаги ғалабаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан мигрантларни чиқариб юборишга доир саъй-ҳаракатларнинг фаоллашуви” фонида мамлакатни тарк этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Оқ уй раҳбари кўп бор иммиграция сиёсатини кескинлаштириш тарафдори эканини билдирган эди. У инаугурациядан сўнг дарҳол АҚШ ва Мексика чегарасида фавқулодда ҳолат режимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Шундан сўнг, Дональд Трамп мамлакат тарихидаги энг йирик ноқонуний мигрантларни депортация қилиш амалиётини бошлади.
Шунингдек, эндиликда бугун, 21 июндан бошлаб АҚШнинг F, M ёки J ноиммиграцион визасига мурожаат этувчи барча шахсларнинг барча ижтимоий тармоқ аккаунтларидаги махфийлик созламаларини “оммавий” ҳолатга ўтказиши талаб этилади. Бу АҚШ қонунчилигига мувофиқ равишда, талабгорларнинг шахсини ва Қўшма Штатларга кириш ҳуқуқини аниқлаш учун зарур бўлган текширувни осонлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Live
Барчаси