АҚШда Ўзбекистон фуқароси 12 млн долларлик юкларни ўғирлашда айбланяпти

3-саҳифа

−

image

Ўзбекистонлик эркак АҚШда 12 млн долларлик юкни ўғирлаганликда айбланяпти. Мазкур айблов бўйича иш кеча, 21 октябрь куни АҚШнинг Брижпорт федерал судида кўриб чиқилди. Судда эркак айбига иқрор бўлмади. Бу ҳақда “Fox61” хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 22 сентябрь куни Нью-Хейвендаги федерал катта судьялар ҳайъати 33 ёшли Нурсултон Иззатуллоевич Ҳайдаровга нисбатан айблов хулосасини чиқарган. Агар у тил бириктириш айблови бўйича айбли деб топилса, 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Коннектикут округи бўйича АҚШ прокурорининг ҳисоботида Ҳайдаров иштирок этганликда гумонланаётган жиноий тил бириктириш тафсилотлари баён қилинган.

Суд ҳужжатлари ва баёнотлари Миллий хавфсизлик бўйича тезкор гуруҳ Калифорния ва бошқа штатлардаги жойлардан содир этилган бир қатор юк ўғриликларини суриштираётганини кўрсатади.

Терговчиларнинг билдиришича, 2025 йилнинг сентябрь ойидан бери Ҳайдаров ва унинг эҳтимолий жиноятчи шериклари бир нечта автотранспорт ташувчи компанияларни сотиб олган ёки бошқача тарзда назорат остига олган.

Шундан сўнг, улар ушбу корхоналарнинг АҚШ Транспорт вазирлиги рақамлари (USDOT), автотранспорт ташувчисининг идентификация рақамлари (MC), электрон почта ҳисоблари ва эгаларининг шахсий маълумотларини ўзлаштириб олган.

Прокурорлар ушбу шахсларни аввалги бизнес эгалари номидан иш кўрганликда ва штатлараро юк ташиш бўйича шартномаларни қўлга киритиш учун мавжуд корхоналарнинг обрўси ҳамда ишончидан фойдаланганликда айбламоқда. Штатлараро юк ташиш бўйича юк брокери билан шартнома тузилгандан сўнг, ҳайдовчи юкни тарқатиш марказидан олиб кетган.

Шунга қарамай, ҳисоботда қайд этилишича, кўплаб юклар ҳеч қачон манзилга етказилмаган ва ўғирланган деб хабар қилинган. Баъзи ҳолларда жиноятчиликда гумонланаётган шахслар ўғирланган товарларни қайтариш эвазига ҳатто товон пули ҳам талаб қилган.

Айблов хулосасига кўра, Ҳайдаров АҚШда қонуний доимий яшовчи (Green Card эгаси) мақомига ҳамда Нью-Жерси штатининг ҳақиқий тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган.

Шунингдек, у “Сайид Махмударов”, “Рустам Мавлонов”, “Дмитрий Аганин”, “Роман Смиров” ва “Қайрат Нуртас” номларига берилган сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга бўлгани айтилмоқда.

Прокурорларнинг билдиришича, ушбу шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг ҳар бирида ҳайдаровнинг юз тузилиши ўзгартирилган фотосурати жойлаштирилган. Якуний айбловга кўра, ушбу жиноий фитна камида 24 та юкни ўғирлашни ўз ичига олган.

Ушбу юклар орасида қаттиқ дисклар (hard drive), стерео-ускуналар, кийим-кечак, электроника, компьютер ускуналари, озиқ-овқат маҳсулотлари, никотин маҳсулотлари ва бошқа қимматбаҳо буюмлар бўлган. Юқорида таъкидланганидек, ҳисоботда айнан Ҳайдаров иштирок этгани айтилган ўғриликлардан етказилган зарарнинг тахминий қиймати 12 миллион доллардан ортиқни ташкил этади.

Ҳайдаров 1 июнь куни Онтариода (Калифорния штати) федерал жиноий шикоят асосида ҳибсга олинган. У ҳибсга олинганидан бери ушлаб турилган ва кеча, 21 октябрь куни судда ҳозир бўлиш учун Брижпортга олиб борилган.

Прокурорлар Ҳайдаровнинг айби судда тўлиқ исботланмагунча у айбсиз деб ҳисобланишини билдирган.

Ушбу фаол жиноят иши Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) томонидан, АҚШ Транспорт вазирлигининг Бош инспектор офиси, Ички даромадлар хизматининг Жиноятларни тергов қилиш бўлими, Миллий хавфсизлик терговлари ва Калифорния штатининг Фуллертон ҳамда Онтарио полиция бошқармалари кўмагида олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзини мафия аъзоларидек тутишга уриниб, АҚШнинг шимоли-шарқий қисмидаги омборхоналардан 4,5 миллион долларлик қимматбаҳо пишлоқлар, сигареталар ва бошқа товарларни ўғирлаган бир гуруҳ ўзбекистонликлар қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг