АҚШда “шатдаун” 1 октябрда юз бериши мумкин – Трамп

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакатда ҳукумат иши тўхташи эҳтимоли борлигини, аммо буни ҳали ҳам олдини олиш мумкинлигини айтди. Бу ҳақда бугун, 30 сентябрь куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда сўз очди.

“Мутлақо муқаррар эмас, лекин мен айтардимки, эҳтимоли бор”, дейди у.

Қайд этиш жоиз, эртага, 1 октябрдан АҚШда янги молиявий йил бошланади, бироқ бюджет қабул қилинмаган. Агар Капитолий тепалигида ҳеч бўлмаганда қисқа муддатли молиялаштиришни давом эттириш бўйича резолюция қабул қилинмаса, федерал идоралар номаълум муддатга ёпилиш хавфи остида қолади.

Маълумот учун, АҚШ тарихида энг узун “шатдаун” 35 кун давом этган ва у ҳам Трампнинг биринчи президентлик даврига тўғри келган. Ҳозирда Конгресснинг иккала палатаси ҳам Республикачилар партияси назоратида бўлса-да, овозлар тафовутининг жуда кичиклиги ва партия ичидаги тўлиқ бирдамлик йўқлиги сабаб ҳукумат иши тўхташи хавфи сақланиб қолмоқда.

“Шатдаун” (инглизча shutdown – “ўчириш, ёпилиш”) – бу АҚШда Конгресс бюджетни ўз вақтида қабул қилмагани сабаб давлат органларининг молиялаштирилиши тўхтаб қолиши ҳолати. У 1 октябрда, яъни янги молиявий йил бошланганида юз бериши мумкин. Агар шу муддатгача Конгресс бюджетни қабул қилмаса ва президент имзоламаса, давлат хизматчилари мажбурий, аммо маош тўланмайдиган таътилга юборилади. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда айрим “муҳим” хизматлар ишини давом эттиради, фақат вақтинча ойликсиз. 2019 йилда қабул қилинган қонунга кўра, барча давлат хизматчиларига “шатдаун” тугагач, барча кунлар учун иш ҳақи тўлиқ ҳисоблаб берилади. Одатда “шатдаун”лар федерал харажатларнинг 25 фоизидан кўпроғига таъсир қилмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Конгресси ҳукумат фаолиятининг вақтинчалик тўхтатилишига тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берилган эди. Агар Конгресс жорий йилнинг 1 октябригача бюджетни қабул қилишга улгурмаса, федерал идоралар фаолияти тўхтаб қолиши мумкинлиги боис бир нечта конгресс делегацияларининг сафарлари бекор қилинган. “Axios” маълумотига кўра, Вакиллар палатасининг Назорат қўмитаси ҳамда Фан, космос ва технологиялар қўмитаси делегацияларининг камида икки сафари бекор қилинган. Ҳар икки ҳолатда ҳам давлат хизматчиларига сафарлар “шатдаун” эҳтимоли сабабли тўхтатилгани билдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ шатдаун Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг