АҚШда президентлик сайловлари бошланди
Олам
−
12:33
3795АҚШда бугун, 5 ноябрь куни президентлик сайловлари бошланди ва унда биринчи бўлиб Нью-Гэмпшир штатининг Диксвилл-Нотч қишлоғи аҳолиси овоз берди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ президенти сайловларида овоз бериш Диксвилл-Нотч қишлоғида 5 ноябрга ўтар кечаси тунда, маҳаллий вақт билан соат 12 дан кейин бошланган. Маълум бўлишича, мазкур қишлоқда 1960 йилдан бери шаклланган анъанага кўра, сайлов участкаси мамлакатда биринчи бўлиб очилади ва натижалар дарҳол эълон қилинади.
Сайлов участкаси жойлашган “The Balsams” меҳмонхонаси вакилининг маълум қилишича, қишлоқнинг олти аҳолиси биринчилардан бўлиб овоз берган. Унга кўра, президентликка ҳар икки номзод – республикачилардан Дональд Трамп ва демократлардан Камола Ҳаррис ҳам 3 тадан овоз олган.
Маълумот учун, 1960 йилда Ричард Никсон ва Жон Кеннеди ўртасидаги президентлик учун рақобат кескинлашганда, “The Balsams” меҳмонхонаси тадбиркорликни ривожлантириш ва эътибор жалб қилиш учун ярим тунда овоз беришни ташкил қилган. Ушбу қарор муваффақиятли бўлиб, натижаларни энг биринчилардан олиш имконини яратган. Шундан бери, Диксвилл-Нотч илк натижаларни кузатиш мумкин бўлган жой сифатида машҳур бўлиб, анъана янада мустаҳкамланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ вице-президенти, Демократик партиядан мамлакат президентлигига номзод Камола Ҳаррис давлат раҳбари лавозими сайлови учун почта орқали олдиндан овоз берган эди. Шунингдек, маълумотларга кўра, АҚШ президентлиги учун сайловлар бошланишидан олдин 78 миллион мамлакат фуқароси олдиндан овоз берган. Улар буни тўғридан тўғри сайлов участкасига бориш ёки почта орқали овоз бериш билан амалга оширган.
LiveБарчаси