АҚШда илк бор ёввойи ҳайвондан Янги Дунё винт қурти паразити аниқланди

Олам

−

image

АҚШнинг Техас штатида ёввойи табиатда Янги Дунё винт қурти деб аталадиган, тирик тўқималар билан озиқланадиган паразит аниқланди. Бу мамлакатда мазкур паразит ёввойи ҳайвонда қайд этилган илк ҳолатдир. Бу ҳақда АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, паразит Техас штатининг Пекос округидаги овчилик фермасида яшаган элкда аниқланган. Ҳайвон овчи томонидан овланганидан кейин бу ҳақда тегишли идораларга хабар берилган.

Мазкур ҳолат ортидан Техас ҳайвонлар саломатлиги комиссияси аввал белгиланган зарарланган ҳудуд чегараларини ўзгартиради. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Техас боғлар ва ёввойи табиат департаменти эса ҳудуддаги ёввойи ҳайвонларни қўшимча текширувдан ўтказмоқда.

Техас ёввойи табиат бўлими директори Алан Кейн овчилар ва ер эгаларини паразит аломатларига эътиборли бўлишга чақирган.

“Жорий ов мавсумида далада бўлганингизда Янги Дунё винт қурти белгиларини кузатиб боришингизни сўраймиз“, деган у.

Маълумотларга кўра, Янги Дунё винт қурти АҚШ ҳудудида бир неча ўн йиллар аввал йўқ қилинган эди. Бироқ кейинги вақтларда паразит Марказий Америка орқали Мексикадан шимолга қараб тарқала бошлаган. Бу эса АҚШ ҳукуматини Мексикадан қорамол импортини вақтинча тўхтатишга мажбур қилган.

АҚШ ўтган йили паразитнинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш мақсадида Мексикадан чорва моллари олиб киришни тўхтатган. Савдо жорий йил август ойида Аризона штатидаги чегара пункти орқали босқичма-босқич қайта тикланган. Импортнинг тўхтатилиши АҚШда қорамол таъминотининг қисқаришига ва мол гўшти нархининг рекорд даражага кўтарилишига олиб келган.

Кўрилган чораларга қарамай, жорий йил июнь ойида Техас штатининг Мексика билан чегарадош Заваля округида бузоқда ҳам паразит аниқланган. Шундан сўнг АҚШда яна ўнлаб зарарланиш ҳолатлари қайд этилган. Улар орасида от ва ит ҳам бор.

Янги Дунё винт қурти пашшасининг личинкалари ҳайвонларнинг тирик тўқималарига кириб, улар билан озиқланади. Натижада ҳайвон танасида чуқур яралар пайдо бўлиши, оғир инфекция ривожланиши ва ўз вақтида чора кўрилмаса, ҳайвон нобуд бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг