АҚШда Федерал захира тизими раисига қарши тергов бошланди

Олам

image

АҚШнинг Колумбия округи прокуратураси Федерал захира тизими (ФЗТ) раиси Жером Пауэллга нисбатан Вашингтондаги регулятор штаб-квартирасини реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳолатлар ва лойиҳанинг кўлами ҳақида ёлғон маълумот берганлиги эҳтимоли бўйича жиноий тергов бошлади. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, “The New York Times” хабар берди.

Манбаларга кўра, Пауэллнинг очиқ баёнотларини таҳлил қилиш ва харажатлар бўйича ҳисоботларни ўрганишни ўз ичига олган тергов Колумбия округи прокурори Жанин Пирро томонидан 2025 йилнинг ноябрь ойида маъқулланган. Пирро АҚШ Президенти Дональд Трампнинг “кўп йиллик иттифоқчиси” ҳисобланади ва ушбу тергов Пауэллга қарши “янги йирик ҳуқуқий фронт” сифатида баҳоланмоқда.

Пауэллнинг ўзи ФЗТ расмий сайтида эълон қилинган мурожаатида жорий йилнинг 9 январь куни АҚШ Адлия вазирлиги регуляторга катта ҳайъат (grand jury) номидан суд қоғозлари юборганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, бу чақирувлар ўтган йил июнь ойида Сенатнинг банк қўмитасидаги тингловларда берган кўрсатмаларига, жумладан, ФЗТ биноларини реконструкция қилиш масаласига оид бўлиб, жиноий айблов қўйилиши билан таҳдид қилмоқда.

“Мен демократиямизда қонун устуворлиги ва ҳисобдорлик тамойилларини чуқур ҳурмат қиламан. Ҳеч ким, айниқса Федерал захира тизими раиси ҳам қонундан устун бўла олмайди. Аммо бу мисли кўрилмаган ҳаракатларни маъмурият томонидан бўлаётган таҳдидлар ва доимий босимлар контекстида кўриб чиқиш лозим”, дейди Пауэлл.

Унинг фикрича, Адлия вазирлигининг бу ҳаракатлари на ФЗТ биноларини реконструкция қилиш, на Конгрессдаги кўрсатмалар билан бевосита боғлиқ, балки регуляторнинг пул-кредит сиёсатини “Президентнинг хоҳиш-истакларига эмас, балки жамият манфаатларига хизмат қилади, деган баҳога асосланиб” олиб бораётгани билан изоҳланади.

“Гап шундаки, ФЗТ фоиз ставкаларини фактлар ва иқтисодий шароитларга таянган ҳолда белгилашни давом эттира оладими ёки пул-кредит сиёсати сиёсий босим ва қўрқитишлар билан белгиланадими?” дея савол қўйган Пауэлл.

У ФЗТдаги фаолиятини давом эттиришини ва “Америка халқига ҳалол ва ғурур билан хизмат қилишда давом этишини” ваъда берган.

Жером Пауэлл 2012 йилдан буён Федерал захира тизими бошқарувчилар кенгаши аъзоси ҳисобланади. Кенгаш аъзолари 14 йил муддатга тайинланади. Унинг раис сифатидаги ваколат муддати 2026 йил май ойида якунланади.

Дональд Трамп Пауэллни бир неча бор асосий фоиз ставкасини пасайтиришдан бош тортгани учун танқид қилган. 2024 йил декабридан 2025 йил сентябригача ставка 4,5 фоиз даражасида сақланиб турган. Сентябрда ФЗТ уни 4,25 фоизгача, октабрда 4 фоизгача, декабрда эса 3,75 фоизгача туширган. Бу кўрсаткич 2022 йил ноябридан бери энг паст даража бўлган.

Бу қарорлар Трампнинг ФЗТ ва Пауэллдан норозилигини билдирган баёнотлари фонида қабул қилинган. 2025 йил ёзида улар камера олдида ФЗТ биноларини таъмирлаш харажатлари юзасидан баҳслашиб қолган. Реконструкция ишлари бюджетга 3,1 миллиард долларга тушган. АҚШ Президенти Пауэллга нисбатан судга даъво аризаси киритиш нияти борлигини билдирган.

“50 миллион долларга тушиши керак бўлган иш учун 3 миллиард доллар. Бу яхши эмас!” деган у.

Шунингдек, Трамп Пауэллни лавозимидан озод қилиш ниятида экани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган. Аввалига Президент бундай режаларни рад этган, бироқ кейинчалик ФЗТ раҳбарининг вориси бўйича қарор қабул қилишини айтган. Декабрь ойида Трамп ушбу лавозимга эҳтимолий номзодлар сифатида Оқ уй ҳузуридаги Миллий иқтисодий кенгаш раҳбари Кевин Ҳассет ва ФЗТ бошқарувчилар кенгашининг собиқ аъзоси Кевин Уоршни тилга олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жером Пауэллга нисбатан жиноий тергов бошланиши фонида олтин нархи ўсгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жером Пауэлл Федерал захира тизими Колумбия округи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг