АҚШда чўчқанинг юраги қўйилган иккинчи бемор ҳам вафот этди

Саломатлик

image

АҚШда 58 ёшли Лоуренс Фосетт операциядан олти ҳафта ўтиб вафот этди. У чўчқа юраги имплантация қилинган дунёдаги иккинчи бемордир. Бу ҳақда Мэриленд университетининг тиббиёт маркази ўз сайтида маълум қилди.  

“Биз даволаб бўлмайдиган юрак касаллигига чалинган ва генетик жиҳатдан ўзгартирилган чўчқа юраги қўйилган 58 ёшли Лоуренснинг ўлимини эълон қиламиз. У 20 сентябрь куни операция қилинди ва деярли олти ҳафта яшади”, дейилади хабарда.

Бемор 14 сентябрь куни юрак етишмовчилиги ташхиси билан тиббиёт марказига ётқизилган. Шифокорлар бошиданоқ уни анъанавий трансплантация усуллари билан операция қилиш мумкин эмаслигини тан олган. Бироқ 15 сентябрь куни АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идораси беморнинг умрини узайтиришга ёрдам берадиган операцияга шошилинч рухсат берган.

Университет беморнинг юраги трансплантация қилинганидан кейинги биринчи ойда жуда яхши ишлаганини қайд этди. Кейинчалик у физиотерапия курсидан ўтди ва яна юришни ўрганишга ҳаракат қилди. Бироқ, шифокорлар унинг сўнгги кунларида юрак организмни рад этаётганини пайқаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ америкалик шифокорлар томонидан гени ўзгартирилган чўчқанинг юраги кўчириб ўтказилган биринчи бемор (эркак) ҳам вафот этгани ҳақида ёзгандик. Қайд этилишича, у 57 ёшли Дэвид Беннет бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

чўчқа юраги жарроҳлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг