АҚШда аномал иссиқ сабаб 25 киши вафот этди
Олам
−
13:12 711 2 дақиқа
АҚШда кузатилаётган кучли аномал иссиқ оқибатида камида 25 киши вафот этди. Бу ҳақда NBC News хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, энг кўп ўлим ҳолатлари Нью-Джерси штатида қайд этилган. У ерда 22 та ўлим ҳолати аниқланган бўлиб, қурбонлар 30 ёшдан 80 ёшгача бўлган фуқаролар экани айтилмоқда. Уларнинг катта қисми уй шароитида, қолганлари эса транспорт воситаларида ёки очиқ ҳудудларда вафот этгани маълум қилинган.
Иллинойс штатининг Кук округида яна бир ўлим ҳолати тасдиқланган. Ҳиндс округида 74 ёшли Митчелл Рей Кули иссиқ уриши оқибатида вафот этган. У аввал йўқолган шахс сифатида қидирувга берилган бўлиб, унинг жасади кейинчалик ёқилғи қуйиш шохобчаси орқа томонидан топилган.
Массачусетс штатидаги Болтон шаҳрида эса 83 ёшли аёл ҳам кучли иссиқ таъсирида ҳаётдан кўз юмган. Расмий маълумотларга кўра, айрим ҳолатларда қурбонлар соғлиғида аввалдан мавжуд касалликлар ҳам иссиқ таъсирини кучайтиргани қайд этилган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, АҚШ ҳудудида кузатилаётган бу иссиқ тўлқини “heat dome” деб аталувчи юқори босимли ҳаво тизими билан боғлиқ бўлиб, у иссиқ ҳавони ҳудуд устида ушлаб туради ва ҳароратнинг кескин кўтарилишига сабаб бўлади. Айрим штатларда ҳарорат 30–38 даража атрофида, баъзи жойларда эса бундан ҳам юқори кўрсаткичларга етган.
Миллий об-ҳаво хизмати мамлакатнинг катта қисми иссиқлик огоҳлантириши остида қолганини, тахминан 156 миллион аҳоли юқори ҳарорат хавфи таъсирида яшаётганини билдирган. Шунингдек, мутахассислар юқори намлик ва кечаси ҳам давом этадиган иссиқ ҳаво ҳолати инсон саломатлиги учун янада хавфли эканини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда жорий йилнинг 22–28 июнь кунлари кузатилган кучли жазирама даврида мамлакат бўйлаб 2 025 та ортиқча ўлим қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси