АҚШда 100 дан ортиқ машиналар тўқнашиб кетди (видео)
Олам
−
20 Январь 8936 1 дақиқа
Кеча, 19 январь куни АҚШнинг Мичиган штатидаги автомагистралда музлама сабабли 100 дан ортиқ автомобиль тўқнашиб кетди. Бу ҳақда “ABC News” хабар берди.
Полиция маълумотларига кўра, I-196 автомагистралининг ғарбий қисмида оммавий авария маҳаллий вақт билан соат 10:20 да бошланган ва тахминан икки соат давом этган. Шу вақт ичида йўлда 100 дан ортиқ автомобиль тўқнашган, уларнинг 40 таси юк машиналари бўлган. Бу ҳолат магистраль бўйлаб ҳаракатнинг тўлиқ тўхтатилишига олиб келган.
“Автомагистраль транспорт воситаларини тозалаш ва эвакуация қилиш ишлари олиб борилиши сабабли бир неча соатга ёпиқ қолиши кутилмоқда”, деган полиция ходимларидан бири.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 19 киши жароҳат олган. Полиция маълумотига кўра, аварияда ҳалок бўлганлар йўқ.
“Полиция хизмати ходимлари маҳаллий тез тиббий ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари билан биргаликда жабрланганларга ёрдам кўрсатмоқда ҳамда уларни яқин атрофдаги шифохоналарга етказмоқда”, дейилади хабарда.
Синоптикларнинг маълумотларига кўра, штатда 6 дан 12 дюймгача (тахминан 15-30 сантиметр) қор ёққан, шамол тезлиги эса соатига 60 милгача (тахминан 27 метр/сония) етмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятидаги автомобиль йўлида қор бўрони ва кўришнинг ёмонлашуви туфайли қирққа яқин автомобиль бир-бирига тўқнашиб кетганди.
Live
Барчаси