АҚШ ЖССТдан 260 млн доллар қарзини тўламай чиқиб кетди
Олам
−
23 Январь 4213 2 дақиқа
Америка Қўшма Штатлари 2025 йил январь ойида Президент Дональд Трампнинг фармони билан бошланган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан (ЖССТ) чиқишни якунлади. Бу ҳақда кеча, 22 январь куни АҚШ Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги эълон қилди.
Қайд этилишича, АҚШ ҳукумати ташкилотдан чиқишдан олдин ЖССТга тўловларни амалга оширмаган. Турли ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатнинг ЖССТдан қарзи 130 миллион доллардан 260 миллион долларгача баҳоланмоқда.
Қўшма Штатлар ЖССТдан чиқиш сабаби сифатида ташкилотнинг Хитойнинг Ухан шаҳрида бошланган COVID-19 пандемиясига етарлича жавоб бермагани, шошилинч зарур ислоҳотларни амалга ошира олмагани ва ЖССТга аъзо давлатларнинг ортиқча сиёсий таъсиридан мустақиллигини намойиш эта олмагани билан изоҳлаган.
АҚШ Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ва Давлат департаментининг қўшма баёнотида АҚШ бир йил давомида ЖССТ лойиҳаларини молиялаштирмаганлиги ёки ҳеч қандай хайрия қилмаганлиги айтилган.
“Америка халқи етарли миқдордан кўпроқ пул тўлади”, дейди Давлат департаменти вакили.
“Reuters”нинг ёзишича, Қўшма Штатлар ЖССТнинг энг йирик ягона донори бўлиб, ташкилотнинг умумий молиялаштиришининг тахминан 18 фоизини ташкил этган. АҚШнинг чиқиб кетиш режалари фонида ЖССТ 2026 йил ўрталарига бориб ўз ходимларининг тахминан тўртдан бир қисмини қисқартиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ пул беришни тўхтатгани ортидан ЖССТ бўлимлар сонини 76 тадан 34 тага, шунингдек, ходимларини ҳам қисқартиришга мажбур бўлаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Алиқулов Жавоҳир
Live
Барчаси