АҚШ пул беришни тўхтатгани ортидан ЖССТ молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда
Олам
−
19 Май
3290Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маблағ етишмаслиги сабабли бўлимлар сонини 76 тадан 34 тага, шунингдек, ходимларини ҳам қисқартиришга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебреисус бугун, 19 май куни Бош соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 78-сессияси очилишида маълум қилди.
“Устуворлик асосида штаб-квартиранинг янги такомиллаштирилган тузилмаси ишлаб чиқилиб, ижроия бошқарув ходимлари сони 14 нафардан етти нафарга, бошқармалар сони 76 нафардан 34 нафарга қисқартирилди. ЖССТ кейинги икки йилликда 500 миллион долларлик бюджет тақчиллигига дуч келади”, деди у.
Ташкилот раҳбарининг таъкидлашича, АҚШ молиялаштиришни тугатиши сабабли камида 70 та давлатда беморлар даволанишдан маҳрум бўлмоқда, тиббиёт муассасалари ёпилмоқда, тиббиёт ходимлари ишсиз қолмоқда, одамлар соғлиқни сақлаш харажатлари ошишига дуч келмоқда.
“Котибият йўл харажатлари, харидлар, ишга ёллаш, эрта нафақага чиқиш ва бошқа харажатларни камайтириш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Ушбу чора-тадбирлар фарқни қисқартиришга ёрдам берди, аммо бизда ҳали ҳам ишчи кучимизни қисқартиришдан бошқа иложимиз йўқ”, деб қўшимча қилди Гебреисус.
ЖССТ бош директорининг маъмурият ва молия бўйича ёрдамчиси Раул Томас 1 май куни АҚШ молиялаштириш тугаши сабабли ташкилот 2026 ва 2027 йилларда ходимлар маошининг 25 фоизини тўлай олмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, ЖССТ қанча ишчиларни қисқартириши кераклигини ҳали билмайди.
Қўшма Штатлар ЖССТнинг энг йирик молиялаштирувчиси (ҳар йили жами молиялаштиришнинг 18%) эди. Дональд Трампнинг 2025 йил январида инаугурациядан кейинги биринчи фармойишларидан бири Қўшма Штатларни ЖССТ таркибидан чиқариш бўлиб, уни “COVID-19 пандемиясига қарши нотўғри муносабатда бўлиш” ва “зарур ислоҳотларни амалга ошира олмаётганликда” айблаган.
Кейин ЖССТ янги ишга қабул қилишни, инвестицияларни ва чекланган саёҳатларни тўхтатди. ЖССТ 55 ёшдан ошган ходимларга тўрт ойлик маош билан ихтиёрий равишда эрта нафақага чиқиш имкониятини таклиф қилди.
LiveБарчаси