АҚШ ва Ўзбекистон Афғонистондан ўтган авиатехникалар бўйича келишувга эришди. “Толибон” эса бундан норози

Жамият

image

“Толибон” Қобулни эгаллаганда Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига учиб ўтган бир қанча ҳарбий самолёт, вертолёт ва бошқа қурилмалар Вашингтон-Тошкент келишувига кўра, Ўзбекистонда қоладиган бўлди. Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматидаги мудофаа вазирлиги эса собиқ ҳукумат самолётлари бўйича АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги келишувни номақбул деб атади. Бу ҳақда “The Khaama Press” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, “Толибон” Ўзбекистондан АҚШ билан келишувга зид равишда собиқ ҳукумат самолётларини Афғонистонга қайтаришни талаб қилган. “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгунга қадар 164 та жанговар самолёт бўлган, ҳозирда уларнинг сони 81 та. Чунки Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари самолёт ва вертолётларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтишга муваффақ бўлган.

Шу пайтда АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеник Афғонистоннинг собиқ ҳарбий самолётлари тақдири бўйича Ўзбекистон билан келишувни эълон қилиб, улар Вашингтонга тегишли эканини билдирди.  Вашингтон-Тошкент келишувига кўра, собиқ Афғонистон ҳукумати самолётлари Ўзбекистонда қолади.

Ҳеник бу самолётлар ҳеч қачон афғонларга тегишли бўлмагани, Афғонистон ҳарбийлари улардан фойдалангани, аммо эгалик ҳуқуқи ҳар доим АҚШда қолганини таъкидлаган.

Бунга жавобан “Толибон” муваққат ҳукуматидаги мудофаа вазирлиги келишувни номақбул деб атади ва қўшничилик муносабатлари муҳимлигини таъкидлаб, Ўзбекистондан Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари самолётларини "Толибон" маъмуриятига топширишда ҳамкорлик қилишни сўради.

“Вазият ривожланиб борар экан, барча манфаатдор томонлар ушбу хавотирларни дипломатик йўл билан ҳал қилишлари ва минтақавий динамика ва халқаро келишувларни ҳурмат қиладиган ечим йўлида ҳаракат қилишлари муҳим бўлиб қолмоқда”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон авиатехника

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг