АҚШ ва Россия Украина бўйича махфий режа устида ишлаяпти – ОАВ

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти россияликлар билан маслаҳатлашган ҳолда, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича янги махфий режа устида ишламоқда. Бу ҳақда америкалик ва россиялик амалдорларга таяниб, “Axios” хабар берди.

Манбаларнинг айтишича, режада 28 банд мавжуд бўлиб, улар тўртта асосий йўналишга бўлинган: Украинада тинчлик, хавфсизлик кафолатлари, Европа хавфсизлиги ва АҚШнинг Россия ҳамда Украина билан келажакдаги муносабатлари.

Ҳужжатни АҚШ томонидан Президентнинг махсус элчиси Стив Уиткофф мувофиқлаштираётгани айтилмоқда. У бу масала бўйича Россия Президентининг хорижий мамлакатлар билан инвестицион-иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Кирилл Дмитриев билан алоқада. Дмитриев “Axios”га ушбу тинчлик режаси устида иш олиб борилаётганини тасдиқлаган ва унинг муваффақиятга эришиш эҳтимолини юқори баҳолаган. 

“Биз Россиянинг позицияси ҳақиқатан ҳам тингланаётганини ҳис қиляпмиз”, дейди у.

Дмитриевнинг сўзларига кўра, режада асосий ғоя “фақат Украина эмас, бутун Европа учун мустаҳкам хавфсизликни таъминлаш”. У тинчлик режаси Трампнинг Россия Президенти Владимир Путин билан навбатдаги учрашувига қадар тайёр бўлиши кераклигини айтган.

“Шунгача Вашингтон украиналиклар ва европаликларга янги ёндашувнинг “афзалликларини” тушунтиради”, дея қўшимча қилган Россия расмийси.

“Axios” билан суҳбатлашган Трамп маъмурияти вакили АҚШ мазкур режадан Украина ва Европа вакилларини хабардор қилаётганини тасдиқлаган. Бироқ ҳужжатда босиб олинган Украина ҳудудлари билан боғлиқ масалалар қандай ҳал этилаётгани ва у Кремлнинг жангларни тўхтатиш эвазига Киевдан кўпроқ ҳудуд талаб қилишига қандай жавоб бераётгани ҳозирча аниқ эмас.

“Axios” маълумотларига кўра, Уиткофф янги режани шу ҳафта бошида Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умаров билан муҳокама қилган. Шунингдек, Уиткофф бугун, 19 ноябрь куни Туркияда Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашиб ҳужжатни муҳокама қилиши кутилган эди, бироқ махсус элчи сўнгги лаҳзада сафарини бекор қилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда бўлиб ўтиши режалаштирилган АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Украина Президенти маъмурияти раҳбари Андрей Ермак ўртасидаги музокаралар бекор қилингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг