АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо урушида кимдир ютади, кимдир... Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади?
Таҳлил
−
17 Май 2019
14637АҚШ Президенти Дональд Трамп аслида ким? Қурилиш магнатими? Эпизодлар актёрими, ёки сиёсат кишиси. Трамп сиёсатдан кўра иқтисодиётга, кино санъатига яқинроқ. Кинофильмларда кичик образларни талқин этган бўлса-да, (“Уйда ёлғиз-2”, “Огоҳлантириб севиш”) АҚШ Президентлигига сайлангандан буён фақат бош ролни ижро этиб келмоқда.
Санкцияларни севади, севмайди?
Президентликка сайланганида хориж ОАВлари унинг ғалабасида Россиянинг “қўли” борлиги ҳақида кўп ва хўп ёзди. Дональд Трампнинг Россияга ёғдираётган санкциялари эса бунга шубҳа ўйғотмоқда.
Украинадаги урушлар ва Қримнинг олиниши сабаб 2014 йилдан бери Россия ғарбнинг санкциялари туфайли ривожланиш борасида сустлашгани сезилмоқда. Ҳатто, бу ҳолат Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсирини ўтказмай қолмади.
Ўзбекистонга жўнатмалар камайди (денежный переводы), рубль ортидан, ўзбек сўми ҳам “шўнғиш”га улгурди. Айниқса, бунинг жабрини меҳнат муҳожирлари янада чуқурроқ ҳис этишга улгурди.
2013 йилда ўзбек муҳожирларининг Россиядан пул ўтказмалари рекорд 6,63 млрд долларига етган. Бу кўрсаткич 2014 йилда қарийб 1 млрд долларга камайгани ҳолда, 5,58 млрдга пасайган. 2015 йилда эса жўнатмалар ҳажми, 2014 йилга нисбатан икки баробарга камайиб, 2,37 млрдгача тушиб кетган. Инъикосини айтганда, 2014 йилдан буёғига ўзбек муҳожирлари учун рус диёрида мўмай даромад қилиш мушкул бўлиб қолмоқдаа.
2013, 2014 йилларни бир эсланг. Ўша йиллари қиш остонасида уйига қайтган ўзбек мигрантлари Сергели машина бозорида ҳақиқий аншлагни бошлаб берар, бу бир ойдан кўпроқ давом этарди. Экспортга чиқариладиган ўзбек автосининг нархи хорижда 3, 4, 5 минг АҚШ долларидан нарига ўтолмаган бўлса-да, қора бозорда 10 минг долларлик “эгар”дан тушмаган. Автосалонларда эса “телпаксиз” машинанинг ўзи йўқ эди. Борига ҳам узундан-узун навбат, йиллаб кутишлар орқали эга чиқиларди.
Ғарбнинг санкциялари сабаб бир томондан ютқазган Ўзбекистон, бошқа томондан ютаётгани ҳам бор гап. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси йилдан-йилга ошиб, яқин келажакда 10 млрд долларлик маррани забт этиши кўзланмоқда.
Россия Президенти Владимр Путин санкциянинг асоратларини юмшатиш борасида савдо шериклар билан алоқаларни мустаҳкамлаётгани ҳам ўзбек сиёсатчи, иқтисодчиларининг назаридан четда қолмаслиги керак. Россия Ғарб билан алоқаларини юмшатишга эришса, рус бозорида ўзбек маҳсулотининг тақдири ҳам таҳлика остида қолиши шубҳасиз.
АҚШ Президентлари санкцияларга доимо муҳаббат билан қараган. Россия эса, буни севмайди, севмайдиям-да.
“Ухлаётган аждарга” ҳужум
Чин юртини кўпчилик иқтисодий таҳлилчилар ухлаётган аждарга ўхшатишади. Бунда ҳам ҳикмат бордек. АҚШ ўзига асосий рақобатчи сифатида Россияни кўраётган бир пайтда саҳнага жиддий ўйинчи, Хитой кириб келди.
“Тахт” учун курашга яна бир “валиаҳд”нинг пайдо бўлгани, АҚШ ҳукуматининг жиғибийрон бўлишига сабаб бўлди. Қозиликка доимо шай АҚШ ва унинг Президенти Дональд Трамп саноатчилари ва ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш учун Хитой товарларига 10 фоиздан 25 фоизгача бож тўловларини киритиш ҳақида эълон қилди.
Унга кўра, Хитойдан АҚШга киритилаётган маҳсулотларнинг илк 200 миллиардлик қисмига 25 фоизлик бож солиғи солинади. 200 млрддан ошганига 10 фоизлик бож солиғи солинади.
АҚШ ҳукуматининг бундай қароридан норози бўлган Хитой давлат Кенгаши раиси ўринбосари Лю Хэ 9 май куни Вашингтонга бориб, америкалик ҳамкасблари — молия вазири Стивен Мнучин ва АҚШнинг савдо музокаралари бўйича вакили Роберт Лайтхайзер билан музокаралар олиб борган эди. Музокараларда на АҚШ, на Хитой ёнберишни истамади.
Албатта, букутилаётган натижа эди. Хитой томони ҳам бунга қараб ўтиргани йўқ. Жавоб чораларини излади. Орадан бир неча кун ўтиб, Хитой Халқ Республикаси давлат кенгаши АҚШ товарларига нисбатан божхона тарифларини оширилгани ҳақида эълон қилди.
Маълум бўлишича, АҚШнинг 2493 номдаги маҳсулотлари учун 25 фоиз, 1078 турдаги товарларга 20 фоизлик устамалар қўлланилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, 974 турдаги маҳсулотларга 10, тўртинчи гуруҳга кирувчи 595 хил товарга 5 фоизлик устамалар белгиланди.
Икки йилдан буён давом этаётган “мушук-сичқон” ўйинида ютган ёки ютқазган томон маълум эмас. Бироқ, иқтисодий таҳлилчилар бу “ўйинлар” соясида давлатлар эмас, аксинча компаниялар кўпроқ зарар кўриши ҳақида бонг уришди.
АҚШнинг бу “ўйинлари” ортида Хитойни жиловлашдек мақсад ётганлиги иқтисодий таҳлилчилар томонидан эътироф этиляпти.
Хитой ва АҚШ ўртасида савдо уруши 2018 йил 6 июлда бошланган эди. Бу ҳақда Жаҳон банки президенти Жим Ён Ким ривожланаётган мамлакатларни келажакда савдо баҳсларига тайёр туришга чақириб, “Савдо зиддиятлари кучайишидан олдин бу мамлакатлар тайёргарлигини кўриши, уларга маслаҳат беришимиз керак. Ҳозир ҳар бири билан шу мавзуда гаплашяпмиз”, деганди жаҳон банки раҳбари.
Хўш, Ўзбекистон савдо баҳсларига тайёрми? Жавоб излаб кўрамиз.
Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2019 йил январь-февраль ойида экспорт ҳажми 3,03 млрд долларга (ўсиш суръати 20,4 фоиз) тенг бўлган. Экспорт қилинаётган товар ва хизматларнинг асосий қисми Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса умумий экспорт ҳажмининг 29,1 фоизини ташкил қилади.
АҚШни Хитой учун энг катта бозор ҳудуди деб тасаввур қилсак. (ҳар йили Хитой АҚШга 400 миллиард доларлик маҳсулотини экспорт қилади). Ушбу бозордан айрилса, ёки қисман тийиб қўйилса нима юз беради.
Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо шерикларидан эканлигини ҳисобга олсак. Мабодо, АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши кескинлашаверса, Ўзбекистондан импорт қилинаётган товарларга бўлган талаб кескин камайиб кетади, ёки умуман тўхтайди. Давом этганда ҳам, Ўзбекистондан юборилаётган хом ашё товарларини паст нархларда сотиб олишни таклиф этади. Бу эса, Ўзбекистонинг иқтисодий манфаатларига тўғри келмаслиги кундай равшан.
Ҳар ҳолда, бугун маҳсулотини муайян нархга сотиб турган тадбиркор, эртага уни ярим нархига сотишга рози бўлмайди. Бунда нафақат, корхоналар эгалари, маҳаллий тадбиркорлар, ушбу маҳсулотларни етказиб бераётган оддий аҳоли, ишчилар, уларнинг ортида турганларнинг ҳаммаси зарар кўриши шубҳасиз. Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий таъсир этиши эҳтимоли юқори.
Аён бўлмоқдаки, Ўзбекистон ўзи учун янгидан янги бозорларни кашф этиши, савдо харитаси кўламини кенгайтириб бориши талаб этилади. Ўзбекистон 2019 йилда экспорт ҳажмини 18 миллиард долларга етказишни кўзлаётган бир пайтда кўзга ташланаётган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳам лозим.
Ҳар ҳолда, ҳар қандай “риск”ка тайёр туриш келажак учун фойдалироқ бўлади.
АКБАР ЖИЯНОВ,
Журналист
LiveБарчаси