АҚШ ва Исроил Эрондаги эҳтимолий нишонларни муҳокама қилмоқда
Олам
−
04 Октябрь
3922Қўшма Штатлар ҳукумати Исроил билан Эроннинг йирик ракета ҳужумига эҳтимолий жавоб чораларини мувофиқлаштирмоқда. Бу ҳақда кеча, 3 октябрь куни АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх брифингда маълум қилди.
"Аммо менимча, эҳтимолий нишонлар қандай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тафсилотларни муҳокама қилиш ноўрин ва унчалик фойдали эмас", деган Пентагон вакили, Исроил Эрон нефть объектларини нишон сифатида кўрадими, деган саволга жавоб берар экан.
Аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден ҳам ўз маъмурияти Исроилнинг Эрон нефть саноатига эҳтимолий ҳужумини “муҳокама қилаётганини” айтди. Сиёсатчининг изоҳи нефтнинг жаҳон нархларида сакрашга сабаб бўлди. Лондоннинг ICE биржасида Brent маркали нефть нархи сентябрь бошидан бери биринчи марта 5,04 фоизга ошди ва бир баррель учун 77,63 долларгача кўтарилди. Америка етакчиси Вашингтон Исроилнинг Эрондаги ядровий иншоотларга зарба беришига қарши эканини таъкидлаган.
Қайд этиш жоизки, Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани муносабати билан, АҚШ ҳукумати тинч аҳолининг сезиларли қурбонлари туфайли минтақадаги Исроил мудофаа кучларининг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётгани учун тобора кўпроқ танқид қилинмоқда. Танқидга жавобан АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер 2 октябрь куни бўлиб ўтган брифингда АҚШ ҳукумати ЦАХАЛнинг ҳар бир алоҳида зарбасини маъқулламаслигини, балки Исроилнинг “террорчилик таҳдидидан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаши”ни айтди.
"Биз кўрган ҳеч нарса бизни улар террор ташкилотига ҳужум қилишдан бошқа нарса қиляпти деган хулосага келтирмайди", деди Миллер.
Исроил ҳужумлари ортидан Ливан фуқароларининг ҳаётига хавф туғдираётгани ҳақида журналистларнинг саволларига жавоб берган Миллер, халқаро инсонпарварлик қонунлари тинч аҳолига қаратилган мақсадли ҳужумларни тақиқлаганини таъкидлаб, Исроилни бундай қурбонларни минималлаштириш чораларини кўришга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Эрон 1 октябрь куни Исроилга йирик ракета ҳужуми уюштирганди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳужум Исроил томонидан ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ” етакчилари ва Ливандаги Эрон қўмондони ўлдирилишига жавоб бўлганини эълон қилди. Исроил матбуотига кўра, Эрон Исроилга 200 га яқин ракета учирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь