АҚШ ва Эрон бир-бирига зарба йўллади

Олам

image

Бугун, 6 июнь куни АҚШ ҳарбийлари Эрон учирган дронларни уриб туширгач, Ҳормуз бўғози яқинидаги Эрон радар объектларига зарба берди. Эрон эса бунга жавобан минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига ракеталар учирганини билдирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

АҚШ ҳарбийлари маълумотига кўра, бу воқеа икки давлат ўртасидаги урушни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатларни мураккаблаштираётган навбатдаги кескинлашув ҳисобланади.

АҚШ ҳарбийлари Эрон учирган тўртта дрон минтақадаги денгиз қатновига таҳдид солаётган деб ҳисоблаган. АҚШ Марказий қўмондонлиги X ижтимоий тармоғида АҚШ кучлари шундан сўнг Ҳормуз бўғози яқинидаги Горук ва Қешм оролидаги кузатув объектларига зарба берганини маълум қилган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, уриб туширилган дронлар минтақадаги денгиз транспорти учун бевосита хавф туғдирган. Шундан сўнг АҚШ кучлари Эроннинг қирғоқбўйи кузатув радарларини нишонга олган.
Эрон давлат телевидениеси эса мамлакат Қувайтдаги иккита АҚШ авиабазаси ва Баҳрайндаги АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари объектларига баллистик ракеталар учирганини маълум қилган. АҚШ ҳарбийлари дастлабки баҳолашларга кўра, учирилган еттита ракетадан олтитаси тутиб қолинганини, биттаси эса нишонига етиб бормаганини билдирган.

Мазкур ҳодиса бир неча кун аввал юз берган ўзаро зарбалардан кейин содир бўлган. Ўшанда ҳам АҚШ ва Эрон бир-бирига ҳужумлар уюштириб, томонлар ўртасидаги мўрт сулҳ хавф остида қолганди.

Жорий йилнинг 3 июнь куни Қувайт халқаро аэропортига уюштирилган дрон ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлганди ва 60 дан ортиқ одам жароҳатлангани маълум қилинган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бу ҳужумга алоқадорлигини рад этиб, зарар АҚШ ракетага қарши мудофаа тизимидаги хатолик оқибатида юзага келганини билдирган.

Бироқ АҚШ Марказий қўмондонлиги бу даъвони рад этиб, аэропортга зарба Эрон томонидан атайлаб амалга оширилганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ваколатчилар палатаси Президент Дональд Трампни Эрон билан можарони якунлаш ёки ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш учун Конгресс розилигини олишга мажбур қилувчи резолюцияни қабул қилганди. Ҳужжат демократлар ва тўрт нафар республикачи конгрессменнинг қўллаб-қувватлаши билан 215 га 208 овоз нисбатида маъқулланган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон ракета ҳарбий база

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг