АҚШ ўзига ёрдам берган афғонистонликларни қайси давлатларга жойлаштириши маълум бўлди
Олам
−
23 Июль 2021
13593Вашингтон 35 мингга яқин афғонистонликка виза берилгунга қадар уларни АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базасига жойлаштирмоқчи. Бу ҳақда кеча, 22 июль куни “The Wall Street Journal” газетасида чоп этилган мақолада сўз боради.
Қайд этилишича, АҚШ ҳарбийлари Кувайт ва Қатардаги Американинг икки ҳарбий базасига 35 минггача афғонистонлик таржимонлар ва уларнинг оила аъзоларини жойлаштирмоқчи. Бунга Афғонистонда уларга нисбатан хавфнинг мавжудлиги сабаб бўлмоқда.
Хабарга кўра, “Толибон” юқоридаги афғонистонликларни америкаликларга ёрдам бергани учун ўлдириши ва шу орқали “қасос олиши” мумкин.
“Яқин Шарқдаги ҳарбий объектларда афғонлар камида 18 ойга вақтинчалик уй-жой билан таъминланади. Америка иммиграцион визаларини бериш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилгунга қадар улар ўша ҳарбий базаларда қолади. Афғонистонликларга бериладиган уй-жой учун харажат АҚШ маъмурлари томонидан қопланади, бу эса “бир неча юз миллион доллар”га тенг бўлиши кутилмоқда”, дейилади хабарда.
Ғарб оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Америка қўшинларига, шу жумладан таржимон сифатида ёрдам берган 18 мингга яқин афғонистонлик ҳамда уларнинг 53 минг оила аъзолари Қўшма Штатларга иммиграцион визалар олиш умидида.
Бироқ, бу жуда узоқ жараён, шунинг учун уларни эвакуация қилишга қарор қилинди. “The New York Times” газетасининг ёзишича, Афғонистондан эвакуация қилиш Америка визаси аризасини кўриб чиқиш жараёнида имтиёзлар бермайди, шунингдек, агар визага рад жавоби берилса, бу одамлар ўз ватанига депортация қилинмаслигига ҳам кафолат бермайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан америкаликларга ёрдам берган 9 минг афғонистонликка вақтинча бошпана беришни сўраганди.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси