АҚШ Ўзбекистонни қўллашга тайёрлиги айтилди
Олам
−
22 Сентябрь 2022
36331БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд билан учрашди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ Ўзбекистон-Америка стратегик шериклиги икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг барча жабҳаларида сезиларли даражада жадаллашган. Ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойилларига асосланган фаол сиёсий мулоқот олиб борилмоқда.
Нуланд Америка томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган. Расмий Вашингтоннинг Ўзбекистон билан алоқаларни икки томонлама даражада ва "C5+1"форматида мустаҳкамлашга тайёрлиги маълум қилинган.
АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари ва амалий қадамларини олқишлаган.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Афғонистонда барқарор тинчлик ва барқарорликка эришиш, қўшни давлатга кенг кўламли гуманитар ёрдам кўрсатиш, инфратузилма ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларига юксак баҳо берилган.
Шунингдек, турли даражадаги бўлажак тадбирлар жадвали, савдо-инвестиция ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳам фикр алмашилган.
LiveБарчаси