АҚШ “Ўргимчак тўри” учун Россиянинг жавобини кутмоқда
Олам
−
08 Июнь 12067 2 дақиқа
АҚШ расмийларининг айтишича, Россия яқин кунларда Украинага қарши ҳарбий аэродромларга уюштирилган ҳужумга жавобан “масштабли ва кўп йўналишли” зарба бериши мумкин ҳамда АҚШ ҳукумати айнан шу зарбани кутмоқда. Бу ҳақда АҚШ амалдорларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Манбаларнинг таъкидлашича, Москванинг жавоби “ассиметрик” бўлиши мумкин, яъни у тўғридан тўғри айнан аэродромларга эмас, балки рамзий ва стратегик муҳим объектларга қаратилиши эҳтимоли бор. Ғарб дипломатларидан бири “Жавоб кенг кўламли, шафқатсиз ва қатъий бўлади” деган фикрни билдирган.
Россия Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг 1 июнь куни ўз мурожаатида билдирганидек, бир нечта вилоятлардаги ҳарбий аэродромлар Украина дронлари томонидан нишонга олинган. Мурманск ва Иркутскдаги аэродромларда FPV-дронлар туфайли бир нечта самолётлар ёнган. Қолган ҳудудларда ҳужумлар муваффақиятли қайтарилган, баъзи ҳужум иштирокчилари қўлга олинган.
Иркутск вилояти губернатори Игорь Кобзев дронлар юк фурасидан учирилганини билдирган. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Россия юк машинаси ҳайдовчилари ташаётган контейнерларда дронлар борлигини билмаганини айтган. У шунингдек, Украинадаги махсус хизматлар бу ҳужумда фақат ўз қуролларини ишлатгани, ғарбдан техника олинмаганини таъкидлаган.
Украинанинг “Ўргимчак тўри”
Украина 1 июнь куни Россия ҳарбий аэродромларига учувчисиз дронлар ёрдамида амалга оширилган йирик ҳужум – “Ўргимчак тўри” операциясини ўтказди. Украина Президенти Владимир Зеленский мурожаатида операциясида иштирок этганларга миннатдорлик билдирди. Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) “Ўргимчак тўри” операцияси давомида Россия стратегик авиация самолётларининг 34 фоизи зарар кўрганини маълум қилди. Киевнинг ҳисоб-китобларига кўра, зарар кўрган самолётнинг тахминий умумий қиймати 7 миллиард долларни ташкил қилади. Манбалар Россиянинг 41 та самолётига, жумладан, стратегик А-50, Tu-95 ва Tu-22M3 самолётларига зарар етказилгани ҳақида хабар берган. Киевга кўра, улардан мунтазам равишда Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун фойдаланилган. Операция бир ярим йил давомида тайёрланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 июнь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди ва унда Украина томонидан Россиядаги аэродромларга уюштирилган ҳужумларни муҳокама қилди. Трампнинг ёзишича, 1 соат 15 дақиқа давом этган суҳбат давомида Владимир Путин унга “яқинда аэродромларга қилинган ҳужумга жавоб беришга тўғри келишини” билдирган.
Live
Барчаси