АҚШ Украинанинг Қрим бўйича позициясини сўзсиз қўллаб-қувватлашга тайёр эмас – “The Hill”
Олам
−
06 Март 2023
7851АҚШ маъмурияти Украинанинг Қримни қўлга киритиш режаларини сўзсиз қўллаб-қувватламоқчи эмас. Вашингтон бу борадаги ўз позициясини ошкора тушунтиришдан қочишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда “The Hill” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ Президенти Жо Байден ва унинг маъмурияти расмийларининг Қрим масаласига ёндашуви ноаниқлигича қолмоқда. Улар Вашингтон Киевнинг Қримни қўлга киритиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайдими, деган саволни қайта-қайта четлаб ўтган ва ўз позицияларини тушунтиришни ортга суриб келган.
Манбага кўра, АҚШ расмийлари Украинага урушда ғалаба қозониш учун қанча керак бўлса, шунча ёрдам беришини айтган бўлса-да, улар Киевнинг Қримдаги амбицияларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини истамайди. Қрим устидан назоратни тиклашга қаратилган операциялар учун оғир қуроллар, жумладан, узоқ масофали ракеталар, танклар, самолётлар талаб қилинади.
Таъкидланишича, америкалик қонунчилар маъмуриятдан Қрим бўйича ўз позициясини аниқлаштиришни сўраган, бироқ масъуллар “ноаниқлик стратегияси”ни танлаган. Хусусан, Вашингтондаги Карнеги жамғармасида Америка ташқи сиёсатини ўрганиш дастури директори Крис Чиввис ҳам шу ёндашувни тасдиқлаган.
“Улар (АҚШ расмийлари) россияликларни музокаралар столига ўтиришга мажбурлаш учун Қримга таҳдидни сақлаб қолиш мантиқий деб ўйлашлари мумкин. Ҳатто, улар Қримнинг ҳарбий йўл билан Украинага қайтарилишини ҳақиқатдан йироқ деб, ҳисобласалар ҳам, эҳтимол бу уларнинг сиёсатини белгилаб берган нарсадир”, дейди Крис Чиввис.
LiveБарчаси