АҚШ Украинага яна 1,2 млрд доллар ажратади – AP
Олам
−
09 Май 2023
4756АҚШ Украина ҳаво мудофаасини янада кучайтириш учун узоқ муддатли ёрдам сифатида 1,2 миллиард доллар ажратади. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, ёрдам пакети Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси доирасида тақдим этилган. Шу пайтгача етказиб берилган асбоб-ускуналари, қурол-яроғлар ва ўқ-дорилардан фарқли ўлароқ бу сафарги ёрдам тариқасида юборилаётган маблағлар Украинанинг хавфсизлик эҳтиёжларини таъминлаш учун келгуси ойлар ва ҳатто йиллар давомида ишлатилиши мумкин.
Ёрдам пакети HAWK ҳаво мудофаа тизимлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ўқ-дорилар, ҳаво мудофааси учун дронларни молиялаштиради. Бундан ташқари, тақдим этилган маблағ артиллерия, ракеталар, сунъий йўлдош тасвирларини олиш учун воситалар, доимий техник хизмат кўрсатишни молиялаштириш ва турли тизимлар учун эҳтиёт қисмларга сарфланади.
Мазкур ёрдам пакетини ҳисобга олганда уруш бошланганидан бери АҚШ Украинага жами 37 милллиард доллар ажратди. Ёрдам пакети Украина қарши ҳужумга тайёрланаётган ва унинг ҳаво мудофааси ҳақида бир қатор хавотирли баёнотлар янграган пайтда эълон қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пентагоннинг матбуотга сиздирилган махфий ҳужжатларида Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ўқ-дорилари тугаб бораётгани ва Ғарб унга зудлик билан тегишли ўқ-дориларни бермаса, режалаштирилган қарши ҳужум кутилган натижани бермаслиги айтилганди. Шунингдек, АҚШ ўз артиллерия снарядларини Украинага бериш учун Жанубий Кореядан 500 мингта ўқ-дорини “ижарага” олиши маълум қилинганди.
LiveБарчаси