АҚШ Украинага ATACMS ракеталари ўрнига GLSDB бомбаларини ўтказмоқчи
Олам
−
14 Март
12417АҚШ Украинага GLSDB (Ground-Launched Small Diameter Bomb) узоқ масофали реактив снарядларини етказиб беришни қайта тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, аввалроқ GLSDB снарядлари радиоэлектрон курашга нисбатан заифлиги туфайли паст самарадорлик кўрсатган. Бироқ, манбаларга кўра, сўнгги ҳафталарда 19 та такомиллаштирилган бомба муваффақиятли синовдан ўтказилган.
“GLSDB'ни Украинага етказиб бериш яқин кунларда бошланиши мумкин, чунки Европада аллақачон бундай снарядлар захиралари мавжуд” дейилади хабарда.
“Reuters” маълумотларига кўра, Украина АҚШ томонидан тақдим этилган узоқ масофали ATACMS ракеталарининг барчасини ишлатиб бўлганлиги сабабли етказиб бериш зарурати туғилган.
Маълумот учун, GLSDB снарядлари Boeing (АҚШ) ва Saab (Швеция) компаниялари томонидан ишлаб чиқилган. Уларнинг зарарлаш масофаси 150 километргача етади. Бу ракета двигатели билан юқори аниқликдаги 113 килограммли бомба. У RSZO M270 ва HIMARS каби ер усти ишга тушириш қурилмаларидан ишга туширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Молия вазири Скотт Бессант мамлакат Президенти Дональд Трамп маъмурияти Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокаралар муваффақияти учун зарур бўлса, Россияга қарши энг қаттиқ санкцияларни ҳеч иккиланмасдан жорий этишини айтганди. Унинг қайд этишича, Байден маъмурияти санкция қўллашда жуда заиф бўлган ва бу заифликни Трамп маъмурияти йўқотиши мумкин.
LiveБарчаси