Бессант Россияга таҳдид қилди
Олам
−
13 Март
17654АҚШ Молия вазири Скотт Бессант мамлакат Президенти Дональд Трамп маъмурияти Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокаралар муваффақияти учун зарур бўлса, Россияга қарши энг қаттиқ санкцияларни ҳеч иккиланмасдан жорий этишини айтди. Бу ҳақда у CNBC'га берган интервьюсида сўз очган.
Унинг қайд этишича, Байден маъмурияти санкция қўллашда жуда заиф бўлган ва бу заифликни Трамп маъмурияти йўқотиши мумкин.
"Агар бирдан ўнгача бўлган шкала бўйича баҳоланса, АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден маъмуриятидаги Россияга қарши санкцияларни, эҳтимол, учликка баҳолаш мумкин эди, унинг кетишига яқинроқ улар санкцияларни олтиликкача кучайтирди. Айтишим мумкинки, биз иккиланмасдан уларни ўнликкача кучайтирамиз”, деган Молия вазири.
Бессантга кўра, барчаси Трампнинг муваффақиятли музокаралар режасининг бир қисмидир. У ҳар икки томонга максимал босим ўтказмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткоффнинг самолёти Москванинг Внуково аэропортига қўнгани ҳақида хабар берилганди. Уиткоффнинг ташрифидан асосий мақсад – Россия ҳукуматини янги сулҳга рози бўлишга кўндиришдан иборат.