АҚШ Украинага 825 млн долларлик қурол сотишни маъқуллади
Олам
−
29 Август 2025 2248 2 дақиқа
АҚШ Давлат департаменти Украинага тахминан 825 миллион долларлик қурол сотилишини маъқуллади, бунга “Ҳаводан етказиб бериладиган ўқ-дорилар” ва тегишли логистика ёрдами киради. АҚШ Мудофаа хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик агентлиги (DSCA) қарор юзасидан ёзма баёнот берди.
Қайд этилишича, Украина 3350 та ERAM узоқ масофали ракеталар, шунингдек, ушбу тизимлар билан мос келадиган ускуналар, жумладан, глобал жойлашишни аниқлаш тизимлари (GPS) сўраган. Таъкидланишича, келишувни якунлаш учун АҚШ Конгрессига расмий билдиришнома юборилган.
Шартнома, шунингдек, ракета контейнерлари, эҳтиёт қисмлар, ёрдамчи ускуналар, дастурий таъминот, техник ҳужжатлар, шунингдек, ўқув ва логистика материалларини етказиб беришни ўз ичига олади. Бу савдонинг “минтақадаги асосий ҳарбий мувозанатни ўзгартирмаслиги” таъкидланган.
“Ушбу савдо Европадаги сиёсий барқарорлик ва иқтисодий тараққиётнинг кафолати бўлган иттифоқчи хавфсизлигини ошириш орқали АҚШнинг ташқи сиёсати ва миллий манфаатларини илгари суради”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Украина томонидан қурол сотиб олиш АҚШнинг ташқи ҳарбий молиялаштириш (FMF) дастури доирасида Дания, Нидерландия ва Норвегия маблағлари кўмагида амалга оширилади. Транзакцияни якунлаш учун АҚШ Конгрессининг якуний розилиги талаб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 18 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский Оқ уй олдида ўтказган матбуот анжуманида Россия билан уруш тугаганидан сўнг Украина АҚШдан 90 млрд долларлик қурол-яроғ сотиб олиш ниятида эканини маълум қилган эди.
Live
Барчаси