АҚШ Украина энергетикасини тиклаш учун 1,5 миллиард доллар ажратади
Олам
−
15 Июнь
4459Вашингтон маъмурияти энергия тизимини тиклаш ва бошқа эҳтиёжлар учун Украинага деярли 1,5 миллиард доллар ажратади. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррис Бюргеншток саммитида маълум қилди.
Оқ уй раҳбарининг ўринбосари бу маблағлар Украинадаги энергия соҳасини тиклаш билан бирга инсонпарварлик эҳтиёжлари учун ҳам ишлатилишини билдирди. Ушбу ёрдам энергия, гуманитар, чегара ва ижро органларининг фаолиятини қамраб олади.
Аниқлик киритилишича, траншлар Давлат департаменти ва Халқаро тараққиёт агентлиги орқали амалга оширилади. Энергетика инфратузилмасини фавқулодда тиклаш учун жами 824 миллион доллар ажратилган бўлса, гуманитар ёрдам ҳажми 379 миллион долларни ташкил этади.
Қолган 300 миллион доллар эса Украина чегара хизмати ва ҳуқуқ-тартибот идоралари учун биринчи тиббий ёрдам ускуналарини харид қилиш учун мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи ўрталарида Давлат Департаменти раҳбари Энтони Блинкен Қўшма Штатлар янги мудофаа саноати жамғармаси орқали Украинага қўшимча 2 миллиард доллар ҳарбий маблағ ажратмоқчи эканлигини маълум қилганди.
LiveБарчаси