Блинкен Украинага қўшимча 2 млрд доллар ажратилишини эълон қилди
Олам
−
15 Май
3722Қўшма Штатлар янги мудофаа саноати жамғармаси орқали Украинага қўшимча 2 миллиард доллар ҳарбий маблағ ажратмоқчи. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Киевда Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
“Қўшимча қилмоқчиманки, биз [Украинага] янги мудофаа саноати фонди орқали қўшимча 2 миллиард доллар ажратамиз”, деган у.
Блинкеннинг сўзларига кўра, жамғарма маблағлари уч қисмга бўлинади: биринчиси Киевни “имкон қадар тезроқ” қурол-яроғ билан таъминлашга йўналтирилади, иккинчиси Украина ҳарбий-саноат мажмуасини тиклаш ва модернизация қилишга йўналтирилади, учинчиси бошқа мамлакатлардан ҳарбий техника сотиб олиш учун ишлатилади.
Унинг қўшимча қилишича, АҚШнинг Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича янги жамғармаси Киевнинг бошқа мамлакатлардан қурол сотиб олишини ҳам, Украинанинг ўзида ҳарбий-саноат комплексини ривожлантиришни ҳам таъминлайди.
Маълумот учун, Байден аввалроқ Киевга 400 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдам юборишни буюрган эди. Умуман олганда, Пентагон маълумотларига кўра, Байден президентлигининг бошидан бери Қўшма Штатлар Украинага хавфсизликни таъминлаш учун 51,3 миллиард доллардан кўпроқ маблағ (шу жумладан, Россия босқини бошланганидан бери 50,6 млрд доллар) ажратган.
Апрель ойи охирида Байден Конгресс томонидан Украина, Исроил ва Тайванга қурол етказиб беришни қайта тиклаш бўйича маъқулланган қонун лойиҳалари пакетини имзолади. Пакет ҳажми 95 миллиард долларни ташкил этди, у Украина учун 61 миллиард долларни ўз ичига олади. Давлат раҳбари ушбу қонун лойиҳаларини имзолаганидан сўнг Пентагон Украинага 1 миллиард долларлик қурол-яроғ ва техника жўнатаётганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат департаменти Украинага учта HIMARS қурилмасини зудлик билан сотишга рухсат берганди. “Bloomberg” эса манбаларига таяниб, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Украинага яна бир Patriot ҳаво мудофаа тизимини юбориши мумкинлигини ёзди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь