АҚШ тарихида илк бор Сенатга мусулмон номзод сайланди

Олам

−

image

Демократик партия вакили Абдул ал-Саид Мичиган штати бўйича АҚШ Сенатига ўтказилган сайловда республикачи Майк Рожерс устидан ғалаба қозонди. Бу ҳақда “The Hill” хабар берди.

Сайловолди кампанияси давомида уни АҚШ Президенти Дональд Трамп бир неча бор танқид қилган ва “жиҳодчи” деб атаган. Ғалабадан кейин ал-Саид Президентга мурожаат қилиб, унга қуйидагича жавоб қайтарди:

“Дональд, исмим билан боғлиқ муаммоларинг бўлганини биламан. Шунинг учун январь ойида Жей Ди мени қасамёд қилдирганидан кейин, мени шунчаки сенатор деб аташинг мумкин”.

Касби бўйича эпидемиолог бўлган ал-Саид аввал Детройт жамоат саломатлиги тизимига раҳбарлик қилган. Сайлов кампаниясида у Исроилнинг Ғазо секторидаги сиёсати ва АҚШнинг Исроил ҳукуматига кўрсатаётган ҳарбий ёрдамини танқид қилишга алоҳида эътибор қаратган.

Сайловолди роликларидан бирида сиёсатчи америкаликларнинг иқтисодий муаммоларини АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлаш учун сарфлаётган маблағлари билан боғлаган. Бу баёнотлар, жумладан, Демократик партиянинг айрим вакиллари томонидан ҳам антисемитизмда айбловларга сабаб бўлган.

Ал-Саид эса америкалик солиқ тўловчилар маблағлари ҳисобидан Исроилнинг ҳарбий амалиётларини молиялаштиришни тўхтатиш тарафдори эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенатда демократлар камида 54 та ўринга эга бўлаётгани, шу жумладан, Техас ва Канзасда – ўнлаб йиллар давомида республикачилар ғалаба қозониб келган штатлардаги пойгаларда зафар кучгани ҳақида хабар берилган эди. Вакиллар палатасида ҳам демократлар кўпчиликни қўлга киритишга муваффақ бўлди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг